“Ўзбекнефтгаз” АЖ Жондор туманига янги спорт мажмуаси ва мактабгача таълим муассасаси совға қилди
2022 йил 30 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Жондор туманида барча Жондор тумани аҳолиси узоқ вақт интиқлик билан кутган учта объект: мактабгача таълим муассасаси, спорт мажмуаси ва стадионнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари Шуҳрат Даулетияров, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ директори Акбар Фазилов, жамоат ва спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Жондор вилоятида барпо этилган ушбу иншоотлар чинакам халқ сиёсатининг ёрқин амалий натижаси бўлди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев вилоят тараққиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 2021 йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи якунлари бўйича белгилаб берилган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида объектларни тезкор муддатларда ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратиш тўғрисида мутасаддиларга топшириқлар юклатилди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда катта техник ресурслар жалб қилинган ҳолда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида нафақат ташқи, балки ички кўриниши ҳам ёруғ ва жозибали замонавий бинолар барпо этилди. Ушбу объектлар энг қисқа вақт ичида қурилди. Қурилишга тайёргарлик кўришда жуда кўп машаққатли ишлар амалга оширилди.
Маълумот учун: Бунёд этилган мактабгача таълим муассасаси 150 нафар болага мўлжалланган бўлиб, бу ерда 5 гуруҳда ўзбек, рус ва инглиз тилларида таълим олишади, бундан ташқари, улар учун ментал арифметика бўйича машғулотлар ташкил этилади.
Спорт мажмуасида ёш авлод спортнинг олимпия турлари бўйича тарбияланади. Мазкур мажмуада дзюдо, бокс, бадиий гимнастика, кураш, футбол, баскетбол, қўл тўпи, қўл жанги, шахмат-шашка тўгараклари иш олиб боради.
Тадбирда спорт ривожига янги суръат бағишлайдиган, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қиладиган лойиҳани яратишда иштирок этган барчага миннатдорчилик билдирилди.
Меҳмонлар учун спорт мажмуаси ва мактабгача таълим муассасаси бўйлаб танишув саёҳати ташкил этилди. Вилоят, туман фаоллари ҳамда фахрий меҳмонлар ўйин зали, тренажёрлар ва спортчилар учун кийиниш хоналарини кўздан кечиришди, жиҳозларнинг сифати ва функционаллигига юқори баҳо беришди.
Жондор тумани аҳолиси учун байрам дастурхони ёзилди.