September 7, 2023

“Бухоро НҚИЗ”да “Тоза ҳаво” ойлиги доирасида ҳаво таркибидаги зарарли моддалар аниқланмоқда 

Автотранспорт воситаларидан атмосферага ташланувчи зарарли газлар миқдорини камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлари ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда “Тоза ҳаво” ойлиги ҳар йили икки босқичда ўтказилади. Жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача Ўзбекистонда ойликнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.

Бухоро вилояти Табиат ресурслари бошқармаси ва “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими билан ҳамкорликда заводнинг Автонақлиёт цехида “Тоза ҳаво” ойлиги доирасида экологик тадбир ташкиллаштирилди.

Унда Бухоро вилояти Табиат ресурслари бошқармаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Н.Ибодов, Атроф-муҳитни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи в.в.б. Д.Ҳакимов, Бухоро НҚИЗ бош экологи А.Расулов, Автонақлиёт цехи бошлиғи Б.Шойимов, етакчи муҳандислар, ҳайдовчилар, механиклар иштирок этди.

Тадбир давомида ҳайдовчиларга экотадбир ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича тушунчалар берилди, тарғибот ишлари олиб борилди. Шунингдек, бензин, дизель ёнилғиси, сиқилган ва суюлтирилган табиий газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташлаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоб-ускуналар (газоанализаторлар) орқали кўрикдан ўтказилди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати