Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига иш ташрифи
27 май куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ишчи гуруҳининг Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташрифи бўлиб ўтди.
Ишчи гуруҳ GTL керосинини қабул қилиш, сақлаш ва аралаштириш учун 5000 м3 ҳажмли 2 та сиғимни қуриш лойиҳаси жараёнини батафсил ўрганиб чиқди. Қурилиш-монтаж ишларининг ҳолати таҳлил қилинди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 июндаги 23-сонли баённомаси(17-банди) ва "Ўзбекнефтгаз" AЖ ишчи гуруҳининг 2017 йил 15 сентябрдаги 22/35-сонли йиғилиши баённомаси асосида "Бухоро НҚИЗда "Uzbekistan GTL"нинг синтетик керосин компонентларини ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали Бухоро НҚИЗнинг ишлаб чиқаришини кенгайтириш" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа GTL синтетик керосини, GTL синтетик нафтаси ва GTL синтетик дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришни назарда тутади.
Ташриф давомида Бухоро НҚИЗнинг ҳозирги фаолият кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳолати ва ходимларнинг меҳнат шароитларининг бугунги санитария-гигиена талабларига мувофиқ ташкил этилиш шароитлари кўриб чиқилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқариш майдонларига ташриф буюрилди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассисларига амалдаги лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати