Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи: Наврўз – сақланиб қолган анъана
Бугун об-ҳавонинг инжиқлигига қарамай, баҳорги тенгкунлик байрами – Наврўз муносабати билан юртимизнинг барча гўшаларида байрам тантаналари ўтказилмоқда.
Байрам арафасида Бухоро НҚИЗ Касаба уюшмаси қўмитаси кўмаги натижасида заводининг фаол меҳнат жамоаси иштирокида қатор тадбирлар ташкил этилиб, уларда цехларга туташ барча ҳудудлар тартибга келтирилиб, ободонлаштирилди.
Шунингдек, баҳор байрамига бағишлаб завод ишчи-ходимлари иштирокида бир қатор спорт мусобақалари ўтказилди.
Наврўзни сумалаксиз тасаввур этиб бўлмайди!
Ўз навбатида, завод жамоаси учун анъанага айланган унинг тайёрланиши ҳамиша байрамона кайфият бағишлаётгани одамларнинг юз-кўзида акс этади.
Айтиш жоизки, сумалак учун ўзига хос лаҳза унинг очилишидир.
Мана шу тантанали дамларда Бухоро НҚИЗ раҳбарияти вакиллари иштирокида бир вақтда тайёрланаётган сумалак ва ҳалим (халиса) қозонлари шукроналик ила очилди.
Шунингдек, Бухоро НҚИЗ байрам олди Саҳоват тадбирида иштирок этди.
Ижтимоий кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади. Айниқса, байрам кунларида бу эзгу фазилатларимиз ҳар бир инсон кўнглида.
Бухоро НҚИЗ Касаба уюшмаси қўмитаси кўмаги натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилинди. 65та Қоровулбозор тумани "Имом ал-Бухорий" маҳалласига топширилди. 9 хил турдаги маҳсулотлардан иборат озиқ-овқат тўпламлари туманларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолисига тарқатилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи жамоаси серқуёш Ўзбекистоннинг барча аҳолиси ва меҳмонларини кириб келаётган Наврўз байрами, баҳор келиши билан табриклайди!
Ҳурматли ватандошлар, сиҳат-саломатлик, меҳр-оқибат, тинчлик-тотувлик, шунингдек, Ўзбекистон равнақи йўлидаги янги меҳнат ғалабалари тилаган самимий табригимизни қабул қилинг!