“Ўзбекнефтгаз”: Ўзбекистон тарихида илк бора “Евро-6” сифатли дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимига кирувчи Бухоро НҚИЗ юқори даражадаги экологик тоза мотор ёқилғиси ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда/
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига кўра, тизим корхоналарида республика истеъмолчиларини сифатли ва экологик тоза нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бошқарув раиси томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро НҚИЗ мутахассислари томонидан газойлни гидротозалаш қурилмасидаги реакторнинг иш тартиби учун энг яхши технологик вариантларни танлаш йўли орқали жараённи оптималлаштириш бўйича ишлар амалга оширилди. Бу, ўз навбатида, юқори экологик тоифадаги дизель ёқилғиси ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имконини берди.
Маълумот учун: O’zDSt 989:2010 “ЕВРО Дизель ёқилғиси. Техник шартлар” талабларига жавоб берувчи ДТ-ЕВРО-Л-III-К5 (ЭВРО-6) маркали дизель ёқилғисини серияли ишлаб чиқариш учун Ts 16472899-044:2021 ташкилотининг мувофиқлик сертификати олинди.
Натижада Ўзбекистон тарихида илк бор "Евро-6" синфидаги экологик тоза ва сифатли дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бухоро НҚИЗда экологик ёқилғи сотиш тизими йўлга қўйилган.
“Uzbekistan GTL” МЧЖ биржа савдолари орқали технологик ускуналарни ишга тушириш учун ДТ-ЕВРО-Л-III-К5-ЕВРО-6 маркали 600 тонна дизель ёқилғиси сотиб олди.
Таъкидлаш лозимки, “Uzbekistan GTL” заводини қуриш лойиҳаси Ўзбекистондаги энг йирик сармоявий лойиҳалардан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу лойиҳа қисқа вақт ичида ҳаётга татбиқ этилди.
Ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъулиятли корхона сифатида сифатли ва экологик тоза турдаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни мунтазам такомиллаштириб, кенгайтирмоқда.
Олдин хабар берганимиздек, 2020 йил 30 март куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига кирувчи Бухоро НҚИЗда газойлни гидротозалаш қурилмаси катализаторини сўнгги авлод HR 1246 катализатор тизими билан алмаштириш орқали Евро К-5 синфидаги дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга ўтиш имконини берувчи Евро-4 ва Евро-5 синфидаги экологик тоза ва юқори сифатли дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.