Автонақлиёт цехида коррупцияга қарши кураш бўйича давра суҳбати ўтказилди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 февраль куни Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда йўлларда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар, уларнинг оқибатлари ва олдини олиш бўйича чора тадбирларга тўхталиб ўтилди. Шунингдек, соҳага янги технологиялар, хусусан рақамли бошқарувни жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.
Бу йўналишда жаҳон талабларига мос тизимни Ўзбекистон шароитига жорий қилиш ва йўлга қўйиш, авваламбор йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаёти ҳамда саломатлиги учун масъулият, жавобгарлик, энг асосийси соҳада коррупцияга қарши кураш сиёсатини кучайтиришни тақазо этади.
Шуларни инобатга олган ҳолда, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Бухоро НҚИЗ бўйича комплаенс инспектори З.С. Сатторов ташаббуси билан Коррупцияга қарши кураш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари хусусан, Бухоро вилояти ЙҲХГ, Қоровулбозор туман ЙҲХБ ва Қоровулбозор туман ИИБ билан ҳамкорликда Автонақлиёт цехида давра суҳбати ўтказилди. Унда Завод касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.И. Каримов, Иш ҳақи ва меҳнатни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Л.О. Пакелиани, директорнинг ҳуқуқий маслаҳатчиси – Инсон ҳуқуқи маданияти маркази директори И.С. Умаров ва цех жамоаси қатнашди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг коррупцияга қарши кураш бўйича сиёсати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича киритилаётган ўзгаришлар билан ишчи-ходимларни таништириш, яқинда бўлиб ўтган синов имтиҳон натижаларини муҳокама қилиш, жамоатчилик назоратига ишчи-ходимларни жалб қилиш, ойлик-маошлар бўйича саволларга жавоб бериш, иш жойида яратилган шароитларни муҳокама қилиш масалалари кун тартибига қўйилди. Ўз навбатида, ишчи-ходимларнинг савол ва таклифларига йўналишлар бўйича мутахассислар жавоб беришди, ҳуқуқий маданиятларини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.