November 10, 2021

Бухоро НҚИЗда “Долзарб 40 кунлик” акцияси давом этмоқда

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари доирасида, мамлакатимиз бўйлаб йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил ҳудудларни кўпайтириш лозимлиги таъкидланган эди.

Белгиланган топшириқлар ижроси доирасида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Бухоро НҚИЗда дарахт экиш ишлари бошлаб юборилганлиги ҳақида маълумот берган эдик.

Лойиҳа доирасида заводнинг Хўжаликни бошқариш хизмати бошчилигида 10 000 дона дарахт экиш ишлари режалаштирилган. Ҳозиргача муҳандис-техник ходимлар иштирокида Таъмир-механика цехи ва завод автотураргоҳига ёндош майдонда кўчат экилди.

Ушбу акцияда Ёшлар иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилоти кўмаги билан Бухоро НҚИЗ футбол жамоаси Когон шаҳридаги ўқув базаси ҳудудида ҳам кўчат экилди.

Шунингдек, Қоровулбозор туманидаги Ҳарбийлар шаҳарчасини кўкаламзорлаштириш учун жами 600 дона манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилди. Бугунги кунда умумий ҳисобда 2 260 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳага кўра цехларга тегишли бинолар, “Нефтчи” аҳоли шаҳарчаси, автойўллар, янгидан барпо этилган олмазор боғи атрофлари кўкаламзорлаштирилади ва дарахтларнинг ҳолатини яхши сақлаш учун кимёвий ишлов берилади.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати