Ис газидан заҳарланишни олдини олиш
Заҳарланиш деганда организм ички муҳитига организмнинг физиологик жара-ёнларининг нормал кечишини издан чиқарадиган турли хусусиятларга эга моддалар-нинг тушиши билан намаён бўладиган ҳолатлар тушунилади. Бу дори-дармонлар, кунлик ҳаётимизда, ишлаб чиқариш жараёнларида ишлатиладиган турли воситалар-нинг таркибига кирадиган кимёвий моддалар (кислота, ишқор, турли метал тузлари, агро кимё воситалари, гербицид, пестицид ва бошқалар) озиқ овқат махсулотлари ва турли газлар бўлиши мумкин.
Қиш мавсумида уйни иситиш мақсадида кўмир, ўтин, пропан ва табий газлар ёрдамида ишлайдиган печкалардан фойдаланилади. Печкалар носоз ҳолатда бўлганида мўрилари яхши ишламаслиги сабабли чала ёниш натижасида ҳосил бўлган ис гази печка ва носоз мўриларнинг тешикларидан чиқиб иситилаётган хонанинг ўзида қолади. Хонада ис гази йиғила бошлайди. Ис газининг ҳаводаги концентраецияси 20 мг/м3 дан ошса ис газидан заҳарланиш аломатлари пайдо бўлади. Ис гази йиғилиб қолган ҳаводан нафас олган вақтда ис газидан заҳарланиш юзага келади.
Ис гази рангсиз, ҳидсиз ва тамсиз бўлади. Ис гази бор йўқлигини одам била олмайди ва заҳарланиш тез юзага келади. Одам ис гази йиғилиб қолган ҳаводан нафас олганда ўпкада қон билан газ алмашинувида ис гази қондаги қизил қон таначаларида гемоглабин моддаси билан жуда тез бирикади ва бу қайтмас жараён бўлиб бунинг натижасида корбоксигемоглобин номли бирикма пайдо бўлади. Корбоксигемоглобиннинг эса кислородни ташиш хусусияти бўлмайди. Корбоксигемоглобин билан тўйинган қон организм тўқима ва ҳужайраларининг моддалар ва энергия алмашинуви учун зарур бўлган кислородни ташиб бераолмайди. Натижада организмда кислород очлиги келиб чиқиши билан боғлиқ ис газидан заҳарланиш аломатлари пайдо бўлади.
Ис газидан заҳарланиш белгилари: бош оғриши, кўнгил айниши, нафас етишмаслиги, мия чалғиши (эс ҳушнинг хиралашиши), тери олча рангига кириши, қусиш, ҳушдан кетиш, талваса, оғир ҳолларда кома ва ўлим билан тугалланиши мумкин. Ис гази йиғилиб қолиш ёпиқ биноларда бензинли,дизел ва бошқа турдаги ёқилғили двигателлар ишлаши, таббий газ чала ёниши, ёнгин пайтида ҳамда баъзи саноат обектларида бўлиши мумкин.
Ис газидан заҳарланганда жабрланувчини заҳарланиш зонасидан тоза ҳавога олиб чиқиш, нафас йўлларини ўтказувчанлигини таминлаш, керак бўлса суний нафас бериш тез тиббий ёрдам етиб келгунча назоратсиз қолдирмаслик керак. Қутқарувчилар ўз хавфсизлигини хам унутмасликлари керак.
Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун хонадонларда хавфсиз иситгич воситаларидан фойдаланиш зарур. Мавсум бошида иситиш тизими печка ва мўриларини мутахассис кўригидан ўтказиб олиш керак. Ҳурматли заводимиз ишчи-ходимлари. Сизнинг ва оила аъзолартнгизнинг саломатлиги ҳамма нарсадан устун. Соғлигингизга бефарқ бўлманг азиз ҳамкасблар.
“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати