Ишчи-ходимлар учун маданий саёҳат: Бухоро НҚИЗ ходимлари Тошкент шаҳрида
"Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ раҳбарияти томонидан ишчи-ходимларнинг мароқли дам олишини ташкил этиш, меҳнат жамоаси учун ижобий муҳит яратиш ҳамда маънавий-маърифий савияни ошириш мақсадида навбатдаги маданий саёҳат ташкил этилди.
Жорий йилнинг 25–27 июль кунлари завод таъмирлаш ишларида фаол иштирок этган 50 нафар ишчи-ходим учун Тошкент шаҳрига саёҳат уюштирилди. Саёҳат давомида иштирокчилар пойтахтнинг бир қатор тарихий ва маданий масканларига ташриф буюриб, мазмунли дам олиш имкониятига эга бўлишди.
Маънавий-маърифий тадбирларни ривожлантириш ҳамда аҳолининг театрларга ташрифини тизимли йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилаётган “Театр – ибратхонадир” дастури доирасида саёҳат иштирокчилари учун “Муқимий” номидаги давлат мусиқали драма театрига ташриф уюштирилди. Театр саҳнасида халқ севимли санъаткорлари иштирокида намойиш этилган саҳна асари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, театр дастуридан сўнг таниқли актёр ва актрисалар билан яқиндан учрашув бўлиб ўтди. Улар билан суҳбатлар, эсдалик учун фотосуратлар, ижод ҳақидаги қизиқарли мулоқотлар иштирокчилар учун ёрқин хотира бўлиб қолди.
“Бухоро НҚИЗ” раҳбарияти томонидан бундай ташаббуслар ишчи-ходимларнинг руҳий ва маънавий барқарорлигини таъминлаш, жамоада фидойи меҳнат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Келгусида ҳам бу каби маданий тадбирлар мунтазам равишда ташкил этилиши режалаштирилган.