Қоровулбозорда ҳарбий хизматчилар учун замонавий спорт мажмуаси тантанали равишда очилди
Бугун Қоровулбозор туманида жойлашган 99265-сонли ҳарбий қисмда замонавий спорт мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қуролли кучларнинг тоифаланган объектларини қўриқлаш қўмондони, полковник Журъат Якубов, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (Бухоро НҚИЗ) директори Акбар Фазилов, Қоровулбозор тумани ҳокими Ўткир Ҳамроев, Бухоро вилояти ҳарбий прокурори ўринбосари, жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва нуронийлар иштирок этишди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, замонавий, доимо шай ва кучли қуролланган қудратли армияга айланди. Хусусан, ҳарбийларнинг касбий тайёргарлиги ва жисмоний ривожланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Полковник Журъат Якубов ўз нутқида бундай объектларнинг яратилиши нафақат ҳарбийларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлайди, балки уларни ҳар томонлама етук, жасур ва Ватанга садоқатли ҳимоячилар сифатида тарбиялашга ҳисса қўшишини айтиб ўтди.
Мазкур спорт мажмуаси Бухоро НҚИЗ ҳомийлигида барпо этилди. Сўзга чиққан Акбар Фазилов "Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз. Бу объект ҳимоячиларимизга замонавий машғулотлар ва дам олиш учун энг яхши шароитларни тақдим этади”, деб таъкидлади.
Мажмуанинг умумий майдони 7280 кв.м ни ташкил этиб, футбол, волейбол, баскетбол, теннис, бадминтон майдонлари, узунликка сакраш, турли машқлари учун зоналар ва югуриш йўлакларини ўз ичига олади. Ушбу спорт мажмуаси ҳарбийларнинг жисмоний ривожланиши учун энг замонавий талабларга жавоб беради.
Тадбир давомида муносиб хизматлари учун бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар тақдирланди. Бир нафар ҳарбий хизматчига икки хонали уй калити топширилди, ўн нафар хизматчига янги ҳарбий унвон берилди, шунингдек, ҳарбий қисмга иккита квадроцикл тақдим этилди.
Тадбир давомида ҳарбий қисм музейининг иккинчи экспозицияси ҳам тақдим этилди. Унда ўтмиш ва бугунги ҳаёт уйғунликда намоён этилиб, миллий ғурур ва ҳарбий санъат анъаналарини акс этади. Барча меҳмонлар “Фахрий меҳмонлар китоби”га ўз тилакларини ёзиб қолдиришди.
Бундан ташқари, тадбирга ташриф буюрганлар учун учрашувлар, китоб топшириш маросими ва спорт мажмуаси бўйлаб экскурсия ташкил этилди.
Замонавий спорт мажмуасининг очилиши давлатнинг миллий мудофаани мустаҳкамлаш ва ҳарбийларимизнинг руҳий, жисмоний салоҳиятини оширишга йўналтирилган сиёсатнинг ёрқин намунасидир. Ушбу лойиҳа нафақат Ватан ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш рамзи, балки ёш авлодни Ватанпарварлик ва миллий ғоя руҳида тарбиялашга қаратилган муҳим қадамдир.