МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ МАДАНИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРМОҚ ЛОЗИМ
Меҳнатни муҳофаза қилиш меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ва воситалари тизимидир.
Иш берувчилар ходимларга хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши шарт. Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар бир қатор қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига оид техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган. Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш), улардан фойдаланиш, машиналарни, механизмларни ва бошқа жиҳозларни конструкция қилиш, технологик жараёнларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этиш, шунингдек ўзга турдаги фаолиятни амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт.
Ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни муҳофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт. Иш берувчи томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда у маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ҳам бу йўналиш бўйича зарур чора-тадбирлар ва шарт-шароитлар яратилган. Заводнинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси ходимлари ҳар куни авария ҳолатларининг олдини олиш бўйича олиб бориладиган газга хавфли, оловли, баландликда ишлаш ва барча мураккаб турдаги ишларни бажаришда амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилишлари устидан назоратни доимий равишда амалга оширишади. Шунингдек, заводнинг ишлаб чиқариш объектларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида тасдиқланган жадвал асосида ва навбатдан ташқари тактик ўқув машғулотлар ўтказилади, ишчи-ходимларнинг хатти-ҳаракатлари доимий равишда текшириб борилади. Бугунги кунда заводда меҳнат хавфсизлигига риоя қилиш, бу борада тўғри тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш кун тартиби масаласида, доимий назоратда.
Aйрим қурилиш обектларида, ишлаб чиқариш корхоналарида ходим бошига каска киймаганлиги, кўзига кўзойнак тақмаганлиги, махсус ботинка, қўлига қўлқоп киймаганлиги ҳамда баландликда ишлаш, техника хавфсизлик қоидалари, стандартлар ва кўрсатмаларга риоя қилмаганлиги, нафақат шикастланиш, жароҳатланиш, ҳатто ўлим ҳолатлари содир бўлганлиги ижтимоий тармоқларда кузатилди. Ходим ўз соғлигини ўзи сақламаса, қайғурмаса четдаги одам буни уқтиролмайди. Шуни таъкидлаш жоизки, ходим меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қонун-қоидаларига итоаткор бўлса, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланса биринчи навбатда ўз хавфсизлигини таъминлаган бўлади.
“Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ матбуот хизмати ходими