8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан азим Тошкент шаҳрига саёҳат уюштирилди
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, муносиб меҳнат ва яшаш шароитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан заводимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшаётган, ўзларининг касбий маҳорати ва намунали ҳаёт йўли билан барчага ўрнак бўлаётган аёлларни шарафлаш, уларни рағбатлантириш мақсадида Бухоро НҚИЗ Касаба уюшма қўмитаси кўмагида заводнинг 10 нафар ходими учун тарихий-маданий меросга эга қадимий ва ҳамиша гўзал Тошкент шаҳрига икки кунлик саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, жумладан “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси унинг ҳудудида жойлашган “Шон-шараф” давлат музейи, Ислом Каримов музейи бўйлаб сайр қилишди, Хазрати Имом майдони зиёрат қилинди. Шунингдек, аёлларимиз Ўзекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерт дастуридан баҳраманд бўлишди. “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументига ташриф буюришди. Сеҳрли шаҳар номи билан машҳур Magic City ҳамда Tashkent City Parkдаги мусиқали фаввора дастурларини томоша килишди.
Мазкур сайёҳлик тадбири иштирокчиларга манзур бўлди, улар томонидан алоҳида эътироф этилди.
"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати