April 25, 2022

Бухоро НҚИЗ – амалиёт ва тажриба мактаби: назарий билимлар мустаҳкамланмоқда

Нефть-газ соҳасида фаолият бошлаш арафасидаги бўлажак кадрларнинг билимларини ишлаб чиқариш жараёнларидаги техника ва технологиялар муҳитида янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан корхоналарда амалга оширилаётган талабалар амалиётлари давом этмоқда.

Бухоро нефть ва газ саноати коллежи "Нефть ва газни қайта ишлаш оператори", "Кимёвий ишлаб чиқариш ишлари", "Нефть маҳсулотларини тақсимлаш бўйича ишчи йўналишлари бўйича" кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ишлаб чиқариш амалиётини ўташди.

Бевосита технологик майдонларнинг ўзида кўп йиллик тажрибага эга устоз ишчи-ходимлар бўлажак мутахассисларни нефтни қайта ишлаш, бензин сифатини ошириш, дизель ёқилғиси таркибидан олтингугурт ажратиб олиш, авиа керосин ишлаб чиқариш, нефть ва тайёр нефть маҳсулотларини сақлаш ва ташиш жараёнлари билан таништиришди.

Маълумот учун: Бухоро НҚИЗ Ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими нафақат талабалар, балки устоз-педагоглар учун ҳам тажриба алмашиш ва малака ошириш маскани ҳисобланади. Бунинг учун эса талабалар ва педагоглар учун етарли шароитлар яратилган. Ўқув хоналари замон талабларига жавоб берадиган жиҳозлар билан таъминланган, технологик майдонларга таништирув экскурсиялари учун малакали мутахассислар жалб этилган.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати