Бухоро НҚИЗда "Устоз ва мураббийлар куни" кенг нишонланди
Устозлар – бутун кучларини, ақл-идрокларини, билим ва зеҳнларини, қалб қўрию меҳрларини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир. Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат - эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари пайдо бўлади.
Ҳар йили юртимизда 1 октябрь - Устоз ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 1997 йилдан то шу кунга қадар устоз шогирд анъанаси давом этиб келмоқда.
Байрам муносабати билан кеча Бухоро шаҳридаги Фатхобод ресторанида Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ва Касаба уюшма қўмитаси ташаббуслигида корхонанинг меҳнат фахрийлари, етук мутахассисларни тарбиялашда бениҳоя улкан ҳиссасини қўшган соҳа фидойилари, устозлар учун тантанали тадбир ҳамда байрам дастурхони ташкиллаштирилди.
Тадбирни Бухоро НҚИЗ КУҚ раиси Б.И.Каримов ҳамда бош технолог А.Ж.Худайбердиевлар ўзларининг табрик сўзлари билан очиб берди.
“Сиздан завод ходимларининг ҳозирги авлодига улашган бебаҳо касбий тажрибангиз, донолигингиз ва билимингиз учун чин дилдан миннатдормиз! Бизнинг вазифамиз – меҳнатингиз самарасини сақлаб қолиш ва кўпайтириш, ижодий ишларингизнинг муносиб давомчиларини тарбиялашдир. Ҳаётингиз ёрқин, ёқимли воқеаларга бой бўлсин. Атрофингизда меҳрибон ва ғамхўр фарзандлар, набиралар ва дўстлар бўлсин!”, - деб тилак билдирди Б.И.Каримов.
Байрам кўтаринки руҳда ўтди: фахрийларимиз юзидаги кулгулар, бир жамоада ишлаган қадрдонларнинг яна қайта бир дастурхон атрофида йиғилиб мароқ ила суҳбат қуриши бунинг яққол мисоли бўлди.
Ҳамкасблари учун Шодиев Aхмат Aтақулович “Менинг йилларим – менинг бойлигим", “Менинг севгим, қаердасан ...” каби ажойиб қўшиқларни ижро этди ва йиғилганлар катта завқ билан тинглаб, унга жўр бўлишди.
Ҳурматли Устозлар, мураббийлар!
Сизлар нафақат шу кунларда, балки доимо халқимиз, Ватанимиз ардоғидасиз. Сизларга бугун қўлимизни кўксимизга қўйиб ташаккур айтамиз.