Бухоро НҚИЗ ишчи-ходимлари учун зилзилага тайёргарлик, табиий офат содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш бўйича ўқув-семинарлари ташкиллаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 майдаги "Ўзбекистон Республикаси сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-144-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро НҚИЗ цех ва бўлимларида зилзилага тайёргарлик, табиий офат содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш бўйича ўқув-семинарлари ташкиллаштирилди.
Ўқув-машғулоти давомида Бухоро НҚИЗ Мобилизация ишлари ва Фуқаро муҳофазаси хизмати ҳамда Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан зилзилаларнинг келиб чиқиш сабаблари, ундан муҳофазаланиш усуллари тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари учун фавқулодда вазиятларда аҳолига шикаст етмаслиги учун тўғри ҳаракат қилиш ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича машғулотлар ташкил этилди.
Таъкидлаш керакки, кучли зилзила пайтида қандай ҳолатлар юз беришини олдиндан тасаввур қилиш жуда муҳимдир ва унга ҳар биримизни тайёргарлик қўришимиз асосий ҳаёт вазифаларимиздан биридир.
Зилзила вақтида қуйидагиларни бажариш керак:
- Ваҳимага тушмасдан ўзини осойишта тутиш ва бошқаларга ўрнак кўрсатиш, ёрдам беришни режалаштириш.
- Бир қаватли бино ичидан чиқишни чаққонлик билан, атрофдаги хавф-хатарни ҳисобга олган ҳолда бажариш лозим.
- Кўп қаватли бинолардан ташқарига югуриб чиқишга интилмаслик лозим. Юқоридан тушаётган буюмлар хавфли ҳисобланади. Зилзила тўхтагунча бино ичида хавфсиз жойни эгаллаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
- Кўп қаватли бинода зиналарга югуриб чиқмаслик ва лифтга кирмаслик керак.
- Электр ўчиб қолиши, ёнғин хавфсизлиги сигналлари, қўриқлаш қўнғироқларининг овози, синаётган идиш товушлари, ёғоч ғичирлаши, йиқилаётган турли буюмлар товушларидан ваҳимага тушмаслик учун рухий тайёр бўлиш керак.
- Ташқарида турган пайтда, тезликда бино ва электр симларидан ҳоли бўлган очиқ жойга чиқиб олиш лозим.
- Машинада бўлганда, бино ва электр симлари, кўприк, турли қувурлардан четроққа чиқиб, машинани тўхтатиб, зилзила тўхташини кутиб туриш лозим.