Бухоро НҚИЗда Ўзбекистон Республикаси илм-фанини ривожлантириш консепциясини амалга ошириш ҳолати ўрганилди
Энергетика вазирининг фан ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ёқилғи-энергетика саноатини ривожлантириш бўлими мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро НҚИЗ ишлаб чиқариш майдонларига амалий ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ-6097-сонли Фармони билан “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш” бўйича тасдиқланган “ЙЎЛ ХАРИТАСИ”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида таркибида: Энергетика вазирининг фан ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси Алимухамедов А.Х., Инновацион ривожланиш вазирлигининг ёқилғи-энергетика саноатини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бердиев С.А. ва ёқилғи-энергетика саноатини ривожланиш бўлими бошлиғи ўринбосари Камалов Б.С., шунингдек, "Узтрансгаз" АЖ маҳаллийлаштириш ва импортни қисқартириш бошқармаси бошлиғи Тошев У.Р. дан иборат ишчи гуруҳ Бухоро НҚИЗнинг инновацион ривожланиш ҳолатини ўрганиб чиқди.
Бугунги кунга келиб, БНҚИЗда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг молиялаштириши ва кўмаги ҳамда “Ўзбекнефтгаз “АЖнинг қўллаб-қувватлаши билан илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда нефт ва газ саноатида илмий-техник тараққиётга ҳисса қўшадиган инновацион ишланмалар ва замонавий технологиялар тўлиқ татбиқ этилмоқда. Ташриф давомида республиканинг илмий-тадқиқот институтлари билан биргаликда ишлаб чиқилиб, Бухоро НҚИЗда амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилган инновацион лойиҳалар бўйича тақдимот материаллари кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг молиялаштириш ва кўмаги ҳамда, “Ўзбекнефтгаз “АЖнинг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти (ЎзКФИТИ) томонидан 5150 кг миқдорида импорт ўрнини босувчи Уз-AД-1 русумли маҳаллий адсорбент ишлаб чиқилган ва Бухоро НҚИЗ мавжуд саноат қурилмаси 21-Д-06да юклаган ҳолда саноат-тажриба синовлари бошланган. Натижада 20 000 АҚШ долл. миқдорида валюта маблағлари тежалган.
Шу билан бирга ушбу институт билан “Фаоллаштирилган алюминий оксиди ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш ва уни турли технологик газлар, хусусан азот газларини қуритишда тадбиқ этиш” мавзусида тузилган шартнома асосида импорт ўрнини босувчи Уз-AД-3 русумли маҳаллий адсорбентни ишлаб чиқиш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида Бухоро НҚИЗ Риформинг қурилмасининг 22-Y-01 жиҳози билан параллел ҳолда ишловчи тажриба адсорбери ўрнатилган ва синовлар мониторинги олиб борилмоқда.
Бухоро НҚИЗ ва “Фан ва тараққиёт” ДУК ўртасида “Хом ашё нефт таркибидаги эмулсияларни бузиб уни сув ва туздан тозалаш мақсадида кимёвий реагент “Деэмулгатор” ишлаб чиқиш ва уни тадбиқ этиш” мавзусидаги шартнома асосида маҳаллий деэмулгатор ишлаб чиқариш технологияси ишлаб чиқилиб, Бухоро НҚИЗда хом-ашё нефтни тузсизлантириш ва сувсизлантириш қурилмасида Саноат–тажриба синовлари ўтказилганлиги натижасида янги маҳаллий деэмулгаторнинг тузлар миқдори 200 мг/л гача бўлган нефтларда ижобий натижа кўрсатганлиги ўрганилди.
Шу билан бир қаторда кооперация алоқаларини ривожлантириш доирасида Ўз.Рес.ФА Умумий ва ноорганик кимё институти қошидаги “Kimyoviy texnologiya” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган инновацион сузувчи понтон қурилмаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш мақсадида 2021 йил 18-19 январ кунлари Бухоро НҚИЗнинг 55-сиғими (РВС-55)га 7236 та сузувчи понтон қурилмалари ўрнатилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси М.Р. Абдуллаевнинг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган кимёвий реагентларни синовдан ўтказиш мақсадида: ҳаво компрессор станциясининг саноат адсорберига байпас равишда ўрнатилган синов адсорберига 2020 йил 16 декабрида 50 кг миқдорда силикагел юкланган ва ҳозирда самарадолик мониторинги олиб борилмоқда, керосинни димеркаптанлаш қурилмаси учун қўлланиладиган фаоллаштирилган кўмирларни саноат усулида синовдан ўтказиш мақсадида 12-Д-01 қурилмасининг экспериментал жиҳози тайёрланган ва керосинни димеркаптанлаш қурилмасига ўрнатиш ишлари амалга оширилган.
ЕВРО-5 маркасидаги дизел ёқилғиларининг мойловчанлик хоссаларини яхшиловчи маҳаллий қўндирма (присадка)ни қўллаган ҳолда 2021 йилнинг 25-26 январ кунлари ЕВРО-5 дизел ёқилғисининг синов-саноат партияси ишлаб чиқарилиб, лаборатория таҳлиллари ижобий натижа кўрсатганлиги ўрганилди.
Шунингдек “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” ва “O’ZLITINEFTGAZ” AЖ ўртасида ўзаро илмий-техник ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича 2021 йил 22 январ куни томонлар иштирокида учрашув бўлиб ўтганлиги ва муҳокама этилган масалалар юзасидан “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ ва “ЎзЛИТИнефтгаз” AЖ ўртасида 2021–2022 йилга мўлжалланган илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича тузилган “Йўл харитаси” ўрганилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган ҳамда синовлари ўтказилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди. Шу билан бирга заводнинг марказий ва тадқиқот лабораторияси кўздан кечирилиб, лабораторияларнинг ускуналар билан жиҳозланганлиги ва илмий потенциали ўрганилди.
Мутахассислар томонидан Бухоро НҚИЗда ҳосил бўладиган нефт шлами чиқиндисини қайта ишлаш масаласида бир қанча таклифлар ўрганиб чиқилди.
Ташриф давомида илм-фаннинг ишлаб чиқаришга интеграцияси бўйича ўтказилган танқидий таҳлиллар асосида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.
МЧЖ "Бухоро НҚИЗ" Матбуот хизмати