December 5, 2022

Зўравонликсиз оила фаровон ҳаёт сари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилнинг 7 мартидаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунига бағишлаб “Зўравонликка қарши 16 кун” туркум тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

Шундай тадбирлар бири бугун Бухоро НҚИЗга қарашли “Нефтчилар” маданият саройида завод ишчи-ходималари учун Зўравонликсиз оила фаровон ҳаёт сари мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда туман ҳоқими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ш.Баротова, Қоровулбозор тумани прокурори Ш.Ҳикматов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ф.Вафаев ва туман Адлия бошқармаси бошлиғи Ғ.Қиличевлар қатнашишди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад аёлларга нисбатан тазйиқларнинг олдини олиш, гендер тенгликни таъминлаш учун олиб борилаётган тарғибот ишларини узлуксиз давом эттириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Амалга оширилаётган ушбу ишлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир. Зеро, аёл – оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки. Аёллар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг эса бугуни ва эртаси фаровон бўлади.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати