Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз тараққиёти кўп жиҳатдан ёқилғи-энергетика комплексининг ривожланишига боғлиқ бўлиб қолган эди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг барпо этилиши эса республикамизда тарихий воқеа бўлиб қолди.
1993-1997 йилларда лойиҳалаштириш, ёрдамчи иншоотлар ҳамда ишлаб чиқариш технологик қисми бўйича қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилди. Завод қурилишини лойиҳалаштириш ва қуриш жараёнида углеводород хом ашёсини қайта ишлашнинг энг замонавий фан ва техника ютуқларидан фойдаланилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Франциянинг "ТЕКНИП" компанияси лойиҳаси асосида қурилган ушбу заводнинг технологик жараёнини шакллантиришда Франциянинг нефт институти, Американинг "Мерикем" ва Голландиянинг "Компримо" компаниялари лицензияларидан фойдаланилди ҳамда ушбу қурилишда Туркиянинг “Гамма” компанияси ҳам иштирок этди.
1997 йил 22 августда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши амалга оширилди.
1998 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида қайта ишлашга нефтни қўшиш мақсадида нефтни электртузсизлантириш ва сувсизлантириш (ЭЛОУ-1) қурилмаси ишга туширилди. 2005 йилда эса нефт ҳажмини ошириш мақсадида иккинчи нефтни электртузсизлантириш ва сувсизлантириш (ЭЛОУ-2) қурилмаси ишга туширилди. Бу эса технологик қурилмаларда нефтни қайта ишлаш қувватини икки баробарга ошириш имкониятини берди.
Заводимизда ишлаб чиқарилаётган нефт маҳсулотларининг турларини кўпайтириш, ҳамда уларнинг сифатини халқаро стандартлар талаби даражасига етказишга қаратилган дастурлар доимий равишда жорий этиб келинди. Натижада 2003-2004 йилларда юқори октанли этилланмаган АИ-80, АИ-91 ва АИ-95 маркали автомобиль бензинлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ишлаб чиқарилаётган дизель ёқилғисининг сифат кўрсатгичларини яхшилаш мақсадида 2006-2008 йилларда экологик хавфсиз ЭКО дизель ёқилғисининг ёзги ҳамда қишги русумларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2008 йилдан бошлаб лак бўёқ корхоналарида ишлаб чикариш учун ишлатиладиган зарур ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури”га асосан С4-135/220 русумли углеводород эритгичи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2007-2009 йилларда янги турдаги маҳсулот - «Боинг» ва «Аэробус» турдаги ҳаво лайнерлари учун мос ёқилғи ҳисобланадиган «Джет А-1» русумли ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича катта ишлар амалга оширилиб, цехларнинг технологик инфраструктураси модернизация қилинди, «Джет А-1» русумли авиация ёқилғисини сақлашга мўлжалланган сиғимлар тайёрланди. Завод марказий таҳлилхонаси халқаро стандартлар бўйича синов ишларини амалга оширишга мўлжалланган замонавий таҳлил жиҳозлари ва асбоблари билан таъминланди. Натижада 2009 йилнинг август ойидан бошлаб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида «Джет А-1» русумли авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” Миллий Акциянерлик Компанияси ушбу ёқилғи билан барқарор таъминланиб келинмоқда.
2011 йилда заводга қабул қилинадиган углеводород хом ашёсини вагон-цистерналаридан тўкиб олиш жараёнини мукаммаллаштириш ва тезлаштириш мақсадида янги темир йўл эстакадаси ишга туширилди.
Бухоро НҚИЗ Ўзбекистон истеъмолчиларини қуйидаги стратегик муҳим ёқилғи турлари: автомобиль бензини, дизель ва авиация ёқилғиси ҳамда бошқа нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш орқали мамлакатимиз ёқилғи-энергетика саноати ривожланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
- Автомобил бензинлари;
- Авиация ёқилғиси;
- Дизель ёқилғиси;
- Углеводород эритгичи;
- Мазут;
- Суюлтирилган газ;
- Олтингугурт ва бошқалар
каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бухоро нефтни қайта излаш заводи Республикамиз истеъмолчиларига ушбу нефт маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш билан ёқилғи-энергетика тармоғининг ривожланишига ўзининг катта улушини қўшиб келмоқда.
Бухоро нефтни кайта ишлаш заводи раҳбар ходимлари ва мутахассислари биринчилардан бўлиб халқаро меъёрлар талаби даражасига мувофиқ Сифатни бошқариш тизимини жорий қилишга киришди. Қисқа вақт ичида заводда
- Сифатни бошқариш тизими - ISO 9001:2015;
- Касбий хавфсизлик ва саломатлик бошқариш тизими - ISO 45001:2018;
- Аэрокосмик стандарти - AS/EN 9100D;
- Экологик бошқарув тизими - ISO 14001:2015 халқаро стандартлари жорий қилинди;
- энергоресурсларни катта миқдорда тежаш имконаятини берадиган ISO 50001.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи юқорида кўрсатилган халқаро тўртта стандарт бўйича сертификатга эга бўлган.
2020 йил март ойида Бухоро НҚИЗ Ўзбекистон тарихида биринчи марта Евро-4 ва Евро-5 синфидаги экологик тоза ва юқори сифатли дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришни бошлади. "Евро-4" ва "Евро-5" дизель ёқилғиси маҳсулотларининг мувофиқлик сертификатига эга бўлди.
Корхонанинг барқарор ишлаши ва ривожланиши кўп жиҳатдан унда фаолият юритаётган ходимларнинг касбий маҳоратига боғлиқ.
Заводда ишлаб келаётган 846 нафар ёш ишчи-ходимларга (30 ёшга тўлмаган) кўплаб имкониятлар яратилган. Корхонамиз асосий ишлаб чиқариш фаолияти нефт-газни қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, Республикамиздаги бир қатор олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг техникавий йўналишдаги мутахассисликлар битирувчилари ишлаб чиқариш амалиётини заводда ўтамоқда. Жумладан, Республикамиздаги бир қатор олий ўқув юртлари, шу жумладан, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат техника университети, И.М.Губкин номидаги Россия нефт ва газ университети Тошкент филиали, Бухоро муҳандислик-технология институти каби бир қатор олий ўқув юртлари ва Бухоро нефт-газ саноати, Қоровулбозор саноат-транспорт.
Ўтган 23 йил мобайнида Нефтчилар шаҳарчаси ижтимоий инфратузилманинг барча керакли тузилмасига эга бўлган шаҳарча даражасига етди. Бу ерда завод ишчилари учун барча қулайликларга эга бўлган 700 дан ортиқ коттеджлар қурилиб, маданий маиший иншоотлар фойдаланишга топширилган. Ҳозирги кунда Бухоро НҚИЗ ижтимоий соҳада ҳам ўзининг ишлаб чиқариш иншоотларига эга. Нафақат Бухоро НҚИЗ ишчи-ходимларини балки яқин атрофда яшовчи аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда маданий ва маърифий дам олишларини таъминлаш мақсадида Спорт соғломлаштириш мажмуаси, Нефтчилар маданият саройи, иқлимни мўътадиллаштириш ва болалар чўмилиши учун Сунъий кўл ҳавзаси ишлаб турибди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 28 сентябрда қабул қилинган ПҚ-2614 сонли “2016 — 2020 йилларда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан Бухоро НҚИЗ да ишлаб чиқарилаётган нефт маҳсулотлари сифатини жаҳон талаблари даражасига етказиш мақсадида технологик қурилмаларни модернизация қилиш ва қайта дастурлаш ишлари олиб борилмоқда.
"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати