Орамиздаги одамлар
Орамиздаги одамлар... Ушбу рукн орқали заводда ишлаётган ишчи-ходимларнинг сиз билган ва билмаган ҳислатлари, босиб ўтган ҳаёт йўллари, меҳнат фаолияти билан бироз бўлсада яқиндан таништиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугунги қаҳрамонимиз эса заводнинг Таъмир-механика цехи чилангар-таъмирловчиси – Беков Қурбон Рамазонович.
Қурбон акадан заводга биринчи марта ишга келган вақтларини сўраганимизда ўша вақтларни қуйидагича эсладилар:
– Қоровулбозор туманига биринчи марта 1993 йилда келганимда 20 ёшда эдим. Ўша йилларда завод қурилиши тўғрисида қарор чиққанидан сўнг, республиканинг турли томонларидан ушбу катта лойиҳани амалга ошириш учун қурувчилар, механиклар, ишчилар ва яна кўплаб соҳа эгалари кела бошлаган. Мен ҳам мана шу қурилиш жараёнида иштирок этганман. Ундан сўнг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига стажировкага юборилганмиз. 1997 йил завод ишга тушганидан кейин 5-цехда чилангар бўлиб иш бошлаганман. Биринчи келган вақтларимизда атроф чўл, фақат қумли тепаликлардан иборат эди. Мана йиллар ўтиб, одамларнинг меҳнатлари билан ён-атроф қанчалар ўзгарди, чиройли бўлди, боғ-роғлар пайдо бўлди.
– Бир кунлик фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб беринг. Кунингиз қандай ўтади?
– 5 кунлик иш тартибида ишлайман. Ишга ҳар доим вақтли келишга ҳаракат қиламан. Барвақт бошланган ишда барака бўлади. Ўзимга тегишли бўлган вазифаларни бажараман. Шогирдларимиз бор, уларга билмаганларини ўргатиб, йўл-йўриқ кўрсатаман. Ишни меҳнат қилиб енгиш мумкин фақат. Мана шу меҳнат ортидан инсон ҳурмат топади, ниятларига эришади, қийинчиликларни енгади. Кунимизнинг кўп қисми ишда ўтганлиги сабабли, ҳамкасблар бир оиладек бўлиб қоларкан. Иш вақтим тугагандан сўнг, уйга йўл оламан. Фарзандларим, оилам даврасида вақт ўтказаман. Бўш вақтларимда ҳовлимиздаги дарахтларга қарайман. Ҳовлимизда 20 туп ток кўчати экканман, яна олма, ўрик дарахтлари бор. Мана шу дарахтларни парваришлайман.
– Инсон меҳнат ортидан кўп нарсага эришади деб айтдингиз. Сиз ўзингиз меҳнат ортидан нималарга эришдим деб ҳисоблайсиз?
– Меҳнат қилиб одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Ота-она учун фарзандлар камолини кўриш, уларнинг ютуқларини кўришдан ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Мана шу меҳнатларимиз ортидан фарзандларимизни ўқитдик, энди улар секин-аста ҳаётда ўз ўринларини топишяпти. Олдинроқ айтганимдек, ҳозир шаҳарчамиз дарахтзор, гулзор бўлган. Нимани ортидан шу? Одамлар меҳнат қиляптики, бу ўзгаришлар бўлмоқда. Ўтган йил заводимизнинг 25 йиллик юбилейида қилган меҳнатларимиз эътироф этилди. Бу ҳам мен учун, ҳам оиламиз учун жуда қувончли воқеа бўлди. Оддий ишчи бўлсакда эътибордан четда қолмаганлигимиз бизни ниҳоятда хурсанд қилди. Фурсатдан фойдаланиб, яратилаётган шароитлар учун, эътибор учун раҳбариятимизга миннатдорчилик билдираман!
Бугунги суҳбат учун сизга ҳам миннатдорчилик билдирамиз. Ишларингизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз!