October 30, 2020

Бухоро НҚИЗ АS 9100D халқаро стандарти талабларига мувофиқлик бўйича қайта сертификатлаш аудитидан ўтди

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖнинг сифатни бошқариш тизимига мувофиқлигини баҳолаш мақсадида 2020 йилнинг 26 октябридан 29 октябригача бўлган даврда AS 9100D “Сифатни бошқариш тизими. Aвиация, космик ва мудофаа ташкилотлари учун талаблар” халқаро стандарти талабларига жавоб берадиган халқаро аудит ташкил қилинди ва муваффақиятли ўтказилди.

Aудит сертификатлаштириш бўйича халқаро тан олинган орган "«Русский Регистр» сертификатлаштириш ассоциациясининг аудиторлари томонидан ўтказилди.

Маълумот учун: "Россия регистри" СА 20 йилдан ортиқ вақт давомида сертификатлаш ва экспертли баҳолаш бўйича хизматларни кўрсатиб келмоқда ва ҳақли равишда энг йирик ва халқаро миқёсда тан олинган Россия сертификатлаш ва эксперт ташкилоти ҳисобланади.

Текширув давомида аудиторлар томонидан Джет A-1 русумидаги газ турбинали двигателлар учун авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш билан боғлиқ технологик жараёнлар ўрганиб чиқилди,

ички ҳужжатлар таҳлил қилинди ва иш жойларида ходимлар билан суҳбат ўтказилди.

Халқаро аудиторлар ишлаб чиқарилган Джет A-1 авиация ёқилғиси сифатини назорат қилиш, саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқ технологик режимни тўғри юритиш, ускуналарга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ва инфратузилмани яхши ҳолатда сақлаш бўйича завод мутахассисларининг кўп йиллик тажрибаси ва малакасини юқори баҳолади.

Завод мутахассисларининг ҳамжиҳат ва бир жамоа ишлаши сабабли аудит натижаларига кўра Бухоро НҚИЗнинг сифатни бошқариш тизими самарали деб топилди ва заводнинг AS 9100D халқаро стандарт бўйича сертификатни олишига тавсия берилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати