Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича FEED асосий лойиҳасини ишлаб чиқиш тўғрисида келишув имзоланди
2020 йил 6 июль куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи номидан "Ўзбекнефтегаз" АЖ бошқаруви раиси М. Р. Абдуллаев Жанубий Кореянинг SK Engineering & Construction компанияси билан муҳандислик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги келишув имзоланди.
Ушбу келишув Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.04.2019 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" ги ПҚ-4301-сонли қарори ижроси доирасида имзоланди.
Илгари 19.04.2019 йилдаги Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва SK Engineering & Construction ўртасида ҳамкорлик келишув имзолаш маросими бўлиб ўтган эди.
Аввал хабар берилганидек, "Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкция қилиш" лойиҳаси, жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўладиган юқори сифатли нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хом-ашё қайта ишлаш чукурлигини камида 95 фоизга оширишга қаратилган.
Ушбу лойиҳа доирасида мазутни каталитик крекинг қурилмаси комплекси, бензинни гидротозалаш қурилмаси, енгил нафтани изомерлаш қурилмаси, водород тозалигини ошириш қурилмаси (КЦА), нефт ва газ конденсати аралашмасини атмосфера босими остида ҳайдаш қурилмаси ва газойлни гидротозалаш қурилмаларини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Янги қурилмаларнинг қурилиши ҳамда мавжуд қурилмаларни реконструкция қилиниши, заводда ишлаб чиқариладиган автомобил бензинлари ва дизел ёқилғиси сифатини 100 % Евро-5 стандарти талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш имкониятини беради.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2614-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати