July 22

Қон қуюқлашуви – саломатлик учун катта хавф!

Гиперкоагуляция синдроми (қон қуюқлашуви) – бу қон ивиш даражасининг юқорилиги, артериал ва веноз қон томирларда, қоннинг микроциркуляцияси системасида тромблар ҳосил бўлмаган бўлсада, қоннинг қон томирларда яхши айланмаслигига сабаб бўлади. Қон қуюлиши қандли диабет, атеросклероз ва гипертония касалликлари бор беморлар учун хавфлидир.

Инсон организми қон қуюқлашуви жараёнида қон томирларида исталган вақтда тромблар ҳосил қилиши мумкин. Тромблар эса организмда қоннинг нормал айланишига тўсқинлик қилади. Бу ҳолат эса ишемик инсульт, миокард инфаркти ва постромботик касалликлар ривожига сабаб бўлиши билан хавфли.

Сабаби – ҳаёт тарзимиз

Қон қуюлишига совқотиш, кучли асабийлашиш, қандли диабет, ҳатто баъзи маҳсулотлар сабабчи бўлиши мумкин. Бемор уйқучан, ҳолсиз, жиззаки, кайфияти ўзгарувчан бўлиб қолади, қон босими кўтарилади, оғзи қурийди, қўл-оёқлари доим муздек бўлади. Нотўғри овқатланиш, организмда гижжа борлиги ва дармондори етишмаслиги ҳам қон қуюқлашишига олиб келиши мумкин.

Қонни қуюлтирадиган маҳсулотлар

Шакар, пишириқлар, картошка, банан, тухум, гречиха ёрмаси, газли ичимликлар, холодец (дириллоқ), узум, фаст фуд ва қовурма таомлар, ўсимликлардан – далачой ва газандаўт. Уларни имкон борича таомномада камайтиринг.

·  юракни даволашда ишлатиладиган сийдик ҳайдовчи дори воситалари;

·  шаҳватни кўтарувчи дори воситалари;

·  ҳомиладорликдан сақловчи дорилар қонни қуюлтириш хусусиятига эга.

Уларни қабул қилишда меъёрни ошириб юборманг.

Даволанишдаги тавсиялар

• Қоннинг умумий ҳамда биокимёвий таҳлилини топширинг;

• Тезроқ ички касалликлар шифокори (терапевт) кўригидан ўтинг. Муаммонинг ечими оддий дори препаратларида бўлиши мумкин. Лекин дори воситаларини ўз билганингизча қабул қилишни маслаҳат бермаймиз;

• Кун давомида соф суюқлик – оддий қайнатилган ёки газсиз минерал сувни 2,5-3 литргача ичиш, қонни суюлтирадиган маҳсулотлар – анжир, саримсоқпиёз, кўкпиёз, шотут, бодринг, цитруслилар, қизил булғор қалампири, олма, олча, лимон, ўстирилган буғдой, помидор, балиқ, какао, анор, денгиз карами, кунгабоқар пистасини имкон қадар кўпроқ истеъмол қилиш керак;

• Мажнунтол, тут дарахтининг илдизи, пўсти табиий аспирин ҳисобланади. Ушбу дарахтлардан бирининг пўсти ёки илдизини майдалаб, бир ош қошиғини бир стакан сувда қайнатиб ичилса, қон тозаланади ва қуюлишдан ҳоли бўлади.

• Наҳорга икки пиёла иссиқ қайнатилган сув ичиб, ортидан бир ош қошиқ зиғир ёки зайтун мойидан қабул қилишни канда қилманг;

• Уйқудан 1 соат олдин пиёда сайр қилиш, югуриш қонни суюлтиради. Машқни уйда, турган ҳолатда ҳам бажариш мумкин;

Даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиб, зулук билан даволанишни ҳам синаб кўрса бўлади. Фақат ушбу муолажа махсус тиббий муассасаларда, мутахассис назоратида бажарилиши шарт. Билиб-билмай, ўзингиз мустақил қўлламанг.

Майдаланган дафна япроғининг бир чой қошиғи бир чимдим кўк чой, икки бўлак лимон билан аралаштириб, дамланади. Озроқ асал қўшиб, чой сингари кун давомида ичилади. Шунингдек, занжабил ва долчин солиб дамланган чойлар ҳам ушбу муаммони тез ва самарали ҳал этишда ёрдам беради.

Ўйлаймизки, юқоридаги оддий маслаҳатлар соғлиғингизни яхшиланишига ёрдам беради.

Тиббиёт-санитария қисми бош ҳакими Т.Гадоев