April 14

Орамиздаги одамлар

Ҳар бир инсон ўзгача дунё... Ҳар бир инсоннинг ўзгача ўй-фикрлари, дунёқараши ва босиб ўтган йўли бор. Ушбу лойиҳамиз орқали заводда ишлаётган орамиздаги одамларнинг ҳаёт ҳикоялари билан сизларни яқиндан таништиришга ҳаракат қиламиз. Навбатдаги қаҳрамонимиз маъмурий ишлар ва хўжаликни бошқариш хизмати етакчи мутахассиси – Юлдашева Фируза Хакимовна.

Юлдашева Фируза Хакимовна 1971 йил 1 апрелда Бухоро шаҳрида туғилган. Ҳозирги кунда оиласи билан биргаликда Бухоро шаҳрида истиқомат қилади. Суҳбатимизни Фируза опанинг ишга киришдаги илк хотиралари билан бошладик.

1998 йил апрель ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ишга қабул қилинганман. Илк фаолиятим сув таъминоти ва оқава цехида намуна олувчи бўлиб бошланган. Икки йилдан сўнг шу цехда иш юритувчи вазифасида ишлай бошладим. 20 йил давомида шу цехда фаолият олиб бордим. 2018 йилнинг май ойидан завод бошқармаси ижро интизомини назорат қилиш ва иш юритиш бўлимида етакчи мутахассис лавозимига қабул қилиниб, ҳозирги кунга қадар шу бўлимда ишлаб келмоқдаман.

– Фируза опа, Бухоро давлат университетининг инглиз тили йўналишини тамомлаган экансиз. Нефть-газ соҳасига кириб келишингизга нима сабабчи бўлган?

1988 йилда Бухоро давлат университетининг инглиз тили йўналиши сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинганман. Ўша вақтларда ҳам университетда ўқиб, ҳам болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлар эдим. 1997 йилда онам Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига таржимон бўлиб ишга кирганлар. Завод ишга тушганда ишчилар учун кўп имкониятлар яратила бошлаган. Яхши ойлик маош, ишчилар учун турар-жой ва ҳк. Оилада катта келин бўлганман, шу сабабли алоҳида уйга кўчиб ўтишимиз, келажагимиз учун ҳаракат қилишимиз керак эди. Шу сабабдан мен ҳам заводга ишга кириш учун ҳужжатларимни топширганман. Ушбу соҳага кириб келишимга оилавий шароитим сабаб бўлган. Мана бугунги кунга келиб шу ишимиз ортидан жуда ҳам кўплаб ютуқларга эришдик, уй-жой берилди заводимиз томонидан, фарзандларимизни ўқитдик. Завод жамоасининг аъзоси эканлигимдан фахрланаман.

– Болалигингизда қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз?

Болалигимда шифокор бўлишни орзу қилганман. Мактабда кимё фанига жуда ҳам қизиқар эдим. Шу сабабли мактабда кимё бўйича фан олимпиадаларида яхши натижаларга эришганман. Онам асл касблари акушер-гинеколог бўлган. Балки шунинг учун шифокор бўлишни орзу қилгандирман. Лекин онам тақдир тақозоси билан шу заводда ишлаб, 63 ёшларида пенсияга чиққанлар.

– Бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?

Бўш вақтимда китоб ўқиш, турли пишириқлар пиширишни ёқтираман. Ҳозирда Солиҳ Қаҳҳорнинг "Дайди қизнинг дафтари" китобини ўқияпман.

– Шукроналик сиз учун нима?

Шукроналик бу ҳаётда сизда мавжуд ҳамма нарсани тўғри қабул қилиб, шукр қилишдир. Ҳамма нарса Яратган томондан сизга берилади ва у албатта яхшиликка бўлади. У хоҳ ташвиш бўлсин, хоҳ хурсандчилик бўлсин. Тўғриликча ва борича қабул қилиш керак.

– Ажойиб суҳбат учун сизга ташаккур билдирамиз. Ҳаёт йўлингизда доимо омад, муваффақият ёр бўлсин!

Таклиф учун сизларга ҳам раҳмат! Шу ўринда завод раҳбариятининг ходимларга кўрсатаётган эътибори, ғамхўрлиги учун алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Ушбу жамоада ишлаётганимдан фахрланаман.

Суҳбатни олиб борди: Ф.Исмоилова,

М.Исмоилова

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати