May 6

Ҳамкасбларимиз эътироф этилди

Бухоро вилояти касаба уюшмалари кенгаши биносида 28 апрель - Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: Иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Ушбу тадбир доирасида янги технологиялар, хусусан, вазифаларни автоматлаштириш, интеллектуал воситалар ва мониторинг тизимларидан фойдаланиш, кенгайтирилган ва виртуал ҳақиқат, ҳамда алгоритмик бошқарув орқали меҳнат муҳофазасининг моҳияти қандай ўзгариб бораётгани юзасидан фикрлар алмашилди.

Тадбирда мутахассислар томонидан иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунчиликка амал қилишда жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги сўнгги технологик ютуқлар, айниқса сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асосида хавфсизлик тизимларини қайта кўриб чиқиш ва модернизация қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида меҳнат муҳофазасига бағишланган кўргазмалар, ишчи-ходимларнинг махсус кийимлари, шахсий ҳимоя воситалари намуналари ярмаркаси ташкил этилди.

Тадбир давомида ходимларнинг ҳуқуқий ва меҳнат соҳасидаги саводхонлигини ошириш мақсадида меҳнат муҳофазаси, амалдаги қонунлар ва инсон хавфсизлигига доир заковат ўйини ўтказилди. Мазкур Заковат ўйинида заводимизнинг “Энергетиклар” жамоаси иштирок этиб фахрли 2-ўринни қўлга киритишди ва 2-даражали диплом билан тақдирланишди.

Тадбир якунида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” мавзусидаги Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди. Кўрик-танловнинг вилоят босқичида заводнинг катта жамоатчи вакили Очилов Сохиб 2-ўринни эгаллади ва унга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати