"Ўзбекнефтгаз" AЖ нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё PRC Russia&CIS 2020 конгрессида иштирок этди
2020 йилнинг 12-13 октябрь кунлари ҳар йили бўлиб ўтадиган нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё саноатининг тенденциялари, прогнозлари ва муаммоларига бағишланган PRC Russia&CIS 2020 Конгресси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда "Ўзбекнефтгаз" AЖ ва Бухоро НҚИЗ мутахассислари онлайн видеоконференция орқали иштирок этишди.
Ҳар йили ушбу тадбир Россия ва МДҲнинг 200 дан ортиқ корхоналарини бир платформада бирлаштиради. Конгресснинг мақсади компания раҳбарлари ва етакчи техник мутахассислар ўртасида мулоқот, тажриба алмашиш ва ечимлар учун платформа яратишдир.
Сессия формати доирасидаги Конгрессда нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё саноатини модернизация қилиш, катализаторлар бозорида импорт ўрнини босиш, мавжуд компанияларнинг технологик салоҳияти, экологик ишлаб чиқариш технологиялари, рақамли трансформациялар ва бошқа мавзулар кўриб чиқилди.
Конгресснинг анъанавий иштирокчилари – нефть ва газ саноати бозорининг етакчилари: «Объединенная химическая компания», «Газпром Интернэшнл», «Титан» КГ АЖ, «Зарубежнефть», «Ўзбекнефтгаз», «Газпром нефть» бошқалар.
Тадбир дастурида иккита сессияга бўлинган тематик конференциялар бўлиб ўтди. Масофадан тақдимот қилиш ва машғулотларни жонли томоша қилиш имконияти яратилди.
Конгресс доирасида Бухоро НҚИЗ мутахассислари «РЕОКАТ»МЧЖ, ССТэнергомонтаж, «Энергоавтоматизация» ИТМ, «Ареопаг» МЧЖ, «EagleBurgmann», "Протон" AЖ, «Флюид Лайн» МЧЖ, Aspen Tech, Дассо Систем, Spraying System Co, Montavar, «Ризикон» МЧЖ каби компаниялар билар онлайн тартибдаги музокаралар ўтказишди.
Ушбу Конгрессда қатнашиш кўплаб қизиқарли маърузалар билан танишиш, истиқболли ҳамкорлик учун компаниялар орасида алоқалар ўрнатиш имконини берди.
Маълумот учун: PRC Russia&CIS 2020 – бу ҳар йили бўлиб ўтадиган Европада BGS Group томонидан ташкил этилган PRC Europe конгресслари қаторини давом эттирадиган нефть-кимё ва нефтни қайта ишлаш бўйича Конгресс. Ҳар йили Россия ва МДҲ таркибидаги давлатларнинг 200 дан ортиқ вакиллари йиғилиб, саноатни ривожлантиришнинг асосий масалаларини кўриб чиқадилар, шунингдек, янги алоқаларни ўрнатадилар.
BGS Group компанияси нефть ва газ соҳасидаги халқаро ишбилармонлик тадбирларининг яхши ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.