January 12, 2023

Бухоро НҚИЗ: Кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига импортни қисқартиришга эришилади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси М.Р.Абдуллаев топшириғига биноан Бухоро НҚИЗда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импортни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчи билан ҳамкорликда Азот-кислород станциясига қарашли 32 ВЦ-100/9 маркали компрессорининг фильтрлари импортини қисқартиришга эришилди.

Биринчи босқичда Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган фильтрлар импортини камайтириш мақсадида завод мутахассислари томонидан зарур фильтрларнинг техник тавсифлари батафсил кўрсатилган техник топшириқ тайёрланиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчига тақдим этилди. Тақдим этилган техник маълумотлар асосида маҳаллийлаштирилган фильтрнинг саноат намуналари ишлаб чиқарилиб, Бухоро НҚИЗга етказиб берилди.

Иккинчи босқичда фильтрларнинг саноат намуналари Азот-кислород станциясининг компрессорига ўрнатилди ва саноат синовлари ўтказилди. Бир ой давомида ўтказилган саноат синовларининг ижобий таҳлили асосида завод мутахассислари томонидан қўллаш учун тавсия берилди.

Дастур доирасида Бухоро НҚИЗнинг Буғ-ҳаво-газ таъминоти цехида ВК-2 маркали ҳаво компрессоридаги азот компрессор станциясида “Кармана Голдмайн” МЧЖ мутахассислари билан биргаликда саноат синовлари ўтказиш учун Навоий вилоятининг “Кармана Голдмайн” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган, ҳаводаги механик зарраларни ушлаб турувчи, импорт ўрнини босувчи икки турдаги 8 та (ҳар бирига 4 донадан) саноат ҳаво фильтрлари ўрнатилди.

Учинчи босқичда Ўзбекистон Республикасининг электрон кооперация портали (cooperation.uz) орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчи билан 20 дона фильтр етказиб бериш бўйича шартнома тузилди. Ишлаб чиқарилган фильтрлар Бухоро НҚИЗга етказиб берилди ва Азот-кислород станциясининг ҳаво компрессорларига ўрнатилди.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида бутун нефть ва газ саноатининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиладиган маҳсулотлар импорт ўрнини босишга қаратилган муаммоларни ҳал этишга Ўзбекистон Республикасининг ички саноат салоҳиятини жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган.

“Бухоро НҚИЗ” Матбуот хизмати