Пресс-релиз: “Кибернефтегаз” Олий муҳандислик мактаби вакиллари Бухоро НҚИЗга ташриф буюришди
Бухоро, 2024 — Таълим ҳамкорлиги доирасида Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги “Кибернефтегаз” Олий муҳандислик мактаби вакиллари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюришди. Ташриф давомида меҳмонлар завод инфратузилмаси ва келажакдаги мутахассисларни тайёрлаш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Ташриф давомида корхона ходимлари меҳмонларга амалий кўникмаларни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилган, замонавий технологиялар билан жиҳозланган ўқув марказига экскурсия ташкил қилишди.
Шунингдек, меҳмонлар завод ҳудудидаги “Кибернефтегаз” Олий муҳандислик мактаби талабаларига нефть ва газ соҳасида ҳақиқий иш шароитларида амалий тажриба орттириш имконини берувчи махсус полигонда бўлишди.
Бухоро НҚИЗ ҳудудида ўқув маркази ва полигон яратилиши нефть ва газ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг бир қисми бўлиб, талабаларга ўз билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш билан бир қаторда, ҳақиқий иш жараёнларига интеграция имконини беради.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ушбу ҳамкорлик нафақат талабаларнинг таълим даражасини оширишга ёрдам беришига, балки Ўзбекистонда замонавий бозор талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган нефть ва газ соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишига ишонади.
Маълумот учун: 2024 йил 20 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида муҳандислик кадрларини тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда кибертехнологиялар соҳасида замонавий таълим стандартларини жорий қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилган.
Нефть ва газ соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Бухоро НҚИЗ Бухоро муҳандислик-технология институти базасида “Кибернефтегаз” Олий муҳандислик мактаби ташкил этилишида катта ёрдам кўрсатишди.
Бу мактабнинг очилиши муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ва нефть-газ соҳасида замонавий таълим стандартларини жорий этишда муҳим қадам бўлди.