“Заковат” интеллектуал турнири низоми
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишчи-ходимлари ўртасида
“Заковат” интеллектуал турнирини ўтказиш низоми
1. Турнирнинг мақсад ва вазифалари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги ““Заковат” интелектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 96-сонли қарори ижросини таъминлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан 2025 йил 11-16 август кунлари “Касаба уюшмалари ҳафталиги” тадбирлари доирасида ходимларнинг иқтидорларини намойиш этишлари учун имконият яратиш ҳамда уларни рағбатлантириш.
2. Турнирни ташкил этиш ва ўтказиш
Турнирда Бухоро НҚИЗдаги цех ва бўлимларда фаолият юритаётган ходимлардан ташкил топган жамоалар иштирок этади. Жамоа таркибида бир цех ёки бўлимда фаолият юритаётган ходимлар иштирок этади. Агар цех ёки бўлимдаги иштирокчилар сони кам бўлганда бошқа цех ёки бўлимлар билан ўзаро бирлашиб жамоа тузиш имкониятига эга бўлишади.
Турнир жорий йилнинг 15 август куни “Нефтчилар” маданият саройида ўтказилади. Турнирда иштирок этувчи жамоалар иловадаги сўровномани жорий йилнинг 14 август кунига қадар тўлдириб, завод касаба уюшма қўмитасига етказилиши шарт. Сўровнома тақдим этмаган жамоалар турнирда иштирок этмайди. Турнир барча жамоа йиғилгач бошланади.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ходимлари ўртасидаги “Заковат” интеллектуал ўйини жамоавий мусобақа бўлиб, унда жамоалар белгиланган вақт доирасида мантиқий ва бошқа саволларга жавоб бериш бўйича баҳоланади. Турнир давомида жамоаларнинг мақсади кўпроқ саволларга жавоб беришдир.
Ҳар бир жамоага жамоа сардори (капитан) сайланади. Ҳар бир жамоа ўзининг номи билан турнирда иштирок этади. Турнир бир босқичда ўтказилиб, якунланади.
Жамоалар томонидан тўғри берилган жавоблар ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳисоблаб борилади ва ўринлар белгиланади.
Жамоаларга 12 та савол берилади. Ўзбек тилида мантиқий мазмунга эга бўлган қизиқарли саволлар жамоаларга ўқиб эшиттирилади. Бошловчи 12 та саволларни бирма-бир ўқийди. Жамоа жавобни қоғозга ёзади ва жавоблар териб олинади. Жамоалар ўз жавобларини берилган вақтдан олдин беришлари ҳам мумкин бўлади. Ҳар бир саволни ўйнаш учун 1 дақиқа вақт берилади. Бошловчи 50 сония бўлганда вақт тугашига 10 сония қолгани ҳақида огоҳлантиради. Бир жамоадан фақат битта жавоб қабул қилинади. Ҳар бир тўғри жавоб учун жамоага бир баллдан берилади, тўғри жавоблар сонига қараб ғолиб жамоа аниқланади.
Жамоа турнир давомида қўшимча манбалардан (телефон, шпаргалкалар ва ҳ.к) фойдаланишлари таъқиқланади. Шунингдек, жамоа аъзолари саволларга жавоб излаш жараёнида уларга четда турган томошабинлар ёки бошқа шахслар томонидан жавоб вариантларини айтиш қатъиян тақиқланади. Кузатувчилар томонидан бундай ҳолат аниқланган тақдирда жавоб вариантини айтишга уринган томошабин турнир ўтаётган жойдан чиқарилади. Жавоб варианти айтилган жамоанинг эса ушбу савол учун берган жавоби қабул қилинмайди.
Савол-жавоблар ўйнаётган жараёнда жамоа аъзоларининг ўрнидан туриши, жой алмашиниши, бошқа жамоа вакиллари ёки бошқа шахслар билан гаплашиши, баланд овозда, бошқаларга ҳалақит берадиган даражада шовқин қилиш ва ўйин жараёнига оид бўлмаган бошқа ҳатти-ҳаракатлар қилиши тақиқланади. Бундай ҳолат аниқланганда жамоага бир маротаба огоҳлантириш берилади. Яна такрорланса 1 баллдан жарима бали ушлаб қолинади.
Турнирда I, II, III ўринларни қўлга киритган жамоалар аниқланиб, завод касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Турнирни юқори савияда ўтказиш учун ташкилий ишчи гуруҳи 2-иловага мувофиқ шакллантирилади.
Ташкилий ишчи гуруҳга қуйидаги вазифалар юклатилади:
- турнирни сифатли саволлар билан таъминлаш;
- саволларнинг маҳфийлигини кафолатлаш;
- турнир низомига бўйсунмаган жамоаларга қоида бўйича чоралар кўриш; -турнир давомида мазкур низомда назарда тутилмаган ҳолатлар юз берса, бундай ҳолатларда ташкилий гуруҳ томонидан ижтимоий адолат нуқтаи назаридан ҳал этиш;
- мазкур низомга ўзгартириш ва қўшимчалар ташкилий гуруҳ томонидан киритилади. Бу ҳақида турнир бошлангунига қадар барча жамоалар огоҳлантиришлари керак бўлади.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишчи-ходимлари ўртасида
“Заковат” интеллектуал турнирини ташкиллаштириш ва ўтказиш
ХТ ва ҚТ бўлими бошлиғи Г.Мирзажонова
Завод хотин қизлар қўмитаси раиси Д.Ашурова
Завод касаба уюшмаси мутахассиси С.Рахмонова
“Нефтчилар” маданият саройи мудири А.Шукуров
Хизмат бошлиғи, директорнинг жамоатчилик билан алоқалар гендер ва ижтимоий сиёсат бўйича маслаҳатчиси И.Фаткулина
Изоҳ: ишчи-гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтказилган (ёки сайланган) ҳолатларда унинг ўрнига тайинланган (ёки сайланган) мутахассис бевосита гуруҳ аъзоси бўлиб ҳисобланади.