October 18

ХАЗОННИ ЁҚМАНГ!

(Тўкилган баргларни йиғиштиришга шошилманг)

Ер юзини яшилликка буркантириб турган дарахтлар фотосинтез жараёнларини тугатиб, кузги хазонрезги даврига дуч келади.

Кузда инсонларга ўзига хос завқ бериб, турли рангда товланадиган хазонлар фасл охирига бориб қорайган бир уюм баргларга айланади. Шунда тезроқ уларни тозалаб ахлатга ташлаш ва манзарани чиройли қилиб қўйиш ҳақида ўйлаймиз. Лекин барглар тўкилган ўрнида қолиб парчаланса, инсоният учун ҳам, табиат учун ҳам фойдалироқ бўлади.

Кузги хазонлар бир қарашда жамоат жойларида кўзга хунук ташланиб тургандай ва кераксиздай туюлиши мумкин. Бироқ, ундай эмас. Хазонлар остида биологик хилма-хилликнинг ўзига хос дунёси яшайди. Хазонлар Ер юзида яшайдиган жамики жонзот турларининг тенг ярмига бошпана вазифасини бажара олиши мумкин. Барглар, новдалар ва пўстлоқлар уюми остида судралиб юрувчиларнинг кичик турларидан тортиб қурбақа ва илонларгача, бундан ташқари, ёмғир қурти ва ўргимчак каби умуртқасиз жонзотларгача яшаши мумкин.

Умуртқасиз жонзотлар баргларни истеъмол қилган вақти уларни майда бўлакларга бўлади. Бу бўлакчалар бактерия ва замбуруғларнинг тандем кучлари таъсирида парчаланиб, дарахтлар ва бошқа ўсимликлар ўсиши учун фойдали бўлган азот, калций ва олтингугурт каби нутриентларга айланади.

Ерга тўкилган барг хазонлари йиғиштириб олишга шошилманг ва бу ерда қолдирилганда намлик таъсирида чириши натижасида ер учун ажойиб унумдорлик олиб келади ва ернинг структурасини яхшилашга ёрдам беради. Кузда дарахтлардан тўкиладиган сарғайган баргларни ерга кўмиб қўйилса, келгуси баҳор учун фойдали ўғитга айланади.

Ундан ташқари атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш учун ҳам омил бўлиб хизмат қилади. Чунки, айрим фуқаролар томонидан хазонларнинг ёқиб юборилиши инсонларда турли хилдаги нафас йўллари касалликлари, аллергик касалликлар ва бошқа хавфли касалликларнинг ривожланишига замин яратади. Мутахассислар таъкидлашича, 1 тонна қуриган барг ёнганда ҳавога 9 килограмгача тутун микробўлакчалари ажралади. Улар таркибида чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ва инсон учун энг хавфли моддалар бўлган диоксин ва диоксан бўлиб, организмга тушгач, иммун тизимини ишдан чиқаришни бошлайди, гормон ва витаминлар фаолиятини шикастлайди. Хазонларни тўплаб ёқиб юбориш маъмурий жавобгарлик кодекси(МЖК)нинг тегишли моддалари бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддасига кўра, дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса:

👉 фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

👉 Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса,

—фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Табиатни асраш ва унинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш, келажак авлодларга табиатни бор ҳолича етказиш барчамизнинг мажбуриятимиз ва бурчимиздир. Маъмурий жавобгарликка тортилмаслик, саломатликни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини асраш учун ҳам хазонларни ёқманг!


“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ бош эколог ўринбосари А.К.Ҳасанов