September 15, 2023

“Зарубежнефть” делегацияси Бухоро НҚИЗга ташриф буюрди

“Зарубежнефть” делегациясининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳияти билан танишиш мақсадида корхона ҳудудида Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ва мутахассислари иштирокида ишчи учрашуви бўлиб ўтди.

Танишув давомида меҳмонларга корхонанинг асосий технологик объектлари кўрсатилди, завод қурилмаларини бошқариш жараёнлари билан таништирилди. Меҳмонларга бир жойдан бир вақтнинг ўзида бир нечта технологик жараёнларни амалга ошириш имконини берувчи марказий бошқарув пульти намойиш этилди.

“Зарубежнефть” вакилларига корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида сўзлаб берилди, бугунги кунда корхонада 9 турдаги, жумладан, 22дан ортиқ маркадаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Ташриф чоғида меҳмонлар маҳсулотнинг ҳар бир партияси якуний истеъмолчига етиб боришигача бўлган иш босқичлари билан танишишди. Делегация аъзолари қуйиш-тўкиш эстокадаси жойлашган ҳудудда ҳам бўлди.

Ўз навбатида, меҳмонлар заводнинг барча ходимлари учун мўлжалланган сут маҳсулотлари тарқатиш пункти, жисмоний соғломлаштириш мажмуасида бўлиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган муолажа хоналари, шунингдек, фитобар билан танишишди.

Учрашувда Бухоро НҚИЗни келгуси йилларда ривожлантириш масалаларига тўҳталишди.

“Зарубежнефть” делегациясининг ишчи ташрифи дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ташриф якунида меҳмонлар самарали ва мазмунли тақдимот учун корхона раҳбариятига миннатдорчилик билдиришди.

Маълумот учун: “Зарубежнефть” – Россиянинг нефть ва газ компанияси бўлиб, Россия ва хориждаги нефть ва газ конларини ўзлаштириш, углеводород ресурсларини самарали ва комплекс ишлаб чиқаришни таъминлашга ихтисослашган.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати