ҚВЗ-2023: “Эстакада” жамоаси “Директор кубоги”ни қўлга киритди
Янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда нишонлаш, ишчи-ходимларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ишчи-ходимларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, маҳоратини ошириш, меҳнат жамоаси орасида соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида, “Нефтчилар” маданият саройида Бухоро НҚИЗ ишчи-ходимлари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови бўйича “Директор кубоги” беллашуви ўтказилди.
Кўрик-танлов 3 та шарт бўйича, завод цехларининг ишчи-ходимларидан шакллантирилган 5 та (1-цехнинг “Технологлар”, 2-цехнинг “Эстакада”, 4-цехнинг “Янги юлдузлар”, 5-цех ва 11-цехнинг “Механиклар”, 6-цехнинг “Ёш энергетик”) ҳамда ТОҚҚҚ 99265-ҳарбий қисмнинг “Қалқонлар” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Танлов Бухоро НҚИЗ касаба уюшма қўмитаси, матбуот хизмати, Ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти томонидан ташкил этилди.
Беллашув иштирокчилари юртимиз бўйлаб юзлаб уддабурон, гапга уста ёшларни бир мақсад сари жамлашга хизмат қилувчи “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг Бухоро НҚИЗда ҳам шинавандалари борлигини ўз чиқишлари билан исботлаб беришди. ҚВЗ жуда юқори кайфиятда, кутилган ва кутилмаган чиқишларга бой тарзда бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўзларининг актёрлик маҳоратини намойиш қилиш билан бирга, кундалик ҳаётимизда учрайдиган турли вазиятларни юмор орқали кўрсатиб беришди.
Кўрик-танловни Бухоро вилояти ҚВЗ ассоциацияси раҳбари Озод Йўлиев бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
1-ўрин яъни “Директор кубоги”ни 2-цехнинг “Эстакада” жамоаси;
2-ўринни 99265-ҳарбий қисмнинг “Қалқонлар” жамоаси;
3-ўринни 4-цехнинг “Янги юлдузлар” жамоалари қўлга киритди.
Танловда фаол иштирок этган жамоа аъзолари қуйидаги махсус номинациялар:
ТОҚҚҚ 99265-ҳарбий қисмнинг “Қалқонлар” жамоаси аъзоси Азиз Полвонов “Энг қувноқ йигит”;
1-цехнинг “Технологлар” жамоаси аъзоси Гавҳар Раҳимова “Энг қувноқ қиз” номинацияси бўйича алоҳида тақдирланди.
Хабарингиз бор, Бухоро НҚИЗнинг “Юқори октан” жамоаси ҚВЗ саралаш мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, 2024 йилда премьер-лигага йўл олди. Кўрик-танлов давомида сўзга чечан, топқирлиги билан алоҳида ажралиб турган иштирокчилардан Бухоро НҚИЗнинг “Юқори октан” жамоаси учун янги иқтидорлар кашф этилди. ҚВЗ жуда юқори байрамона кайфиятда якунланди.
Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган Янги йил байрами муносабати билан барча юртдошларимизни, ҳамкасбларимизни самимий муборакбод этамиз. Сизларга бу йилда янгидан-янги муваффақиятлар, ижобий ўзгаришлар ва омад ёр бўлишини тилаймиз!