Бухоро НҚИЗ: ёрқин истиқбол ва мартаба томон йўл
“Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида Бухоро нефть ва газ саноати коллежи ўқувчиларига пул сертификатларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши муносабати билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида Бухоро НҚИЗ томонидан Бухоро нефть ва газ саноати коллежининг 15 нафар ўқувчисига 10 миллион сўм миқдорида нақд пул сертификатлари, шунингдек, 15 нафардан 8 нафарига коллеждаги таълим контракти тўлаб берилди.
Бухоро НҚИЗ директори ўринбосари Жонибек Зияев талабалар ва меҳмонлар олдида қутлов сўзи билан сўзга чиқиб, ватанпарварлик тарбияси соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган нефть ва газ саноатининг олий ўқув юртлари билан қўшма лойиҳаларини амалга ошириш юксак ижтимоий аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Бухоро НҚИЗда Бухоро муҳандислик-технология институти ва Бухоро нефть ва газ саноати коллежи битирувчилари томонидан диплом ишлари ҳимояси ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги
“Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3151-сонли қарорига мувофиқ Бухоро НҚИЗ ва Бухоро муҳандислик-технология институти ўртасида фан ва тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида БМТИ нефтни қайта ишлаш технологияси кафедраси мудири Ш.Н.Атауллаев раҳбарлигида кафедра доцентлари А.Ф.Ходжақулов ва Э.Р.Паноев, К.К.Комилов иштирокида Нефть газ-кимё саноати технологияси йўналиши бакалавр-битирувчиларининг диплом иши ҳимояси бўлиб ўтди.
Битирувчилар томонидан тайёрланган диплом иши тақдимотлари корхона раҳбарияти ва бир қатор етакчи мутахассисларга тақдим этилди. Ҳимоя натижаларига кўра завод мутахассислари БМТИ ва Бухоро нефть ва газ саноати коллежи талабаларининг битирув ишларини ижобий баҳолашди.