Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Асосий ишлаб чиқариш цехи(1-цех)нинг иш куни фоторепортажи
Асосий ишлаб чиқариш цехида нефть ва газ конденсати аралашмасини қайта ишлаш натижасида қуйидаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади:
1.Ярим тайёр маҳсулотлар : енгил нафта, оғир нафта, риформат, газойл;
2.Тайёр маҳсулотлар: ёқилғи газлари(ўз эҳтиёжи учун печларда ёқилади),суюлтирилган углеводород ёқилғи газлари, пропанли совутиш агенти, JetA-1 русумли авиация ёқилғиси, ЭКО ва ЕВРО-4, ЕВРО-5 русумли дизель ёқилғилари, М40 ва М100 русумли мазут ёқилғиси, углеводород эритгичи, пиролизли газолин, коммунал хўжалиги ва ишлаб чиқариш мақсадлари учун суюлтирилган углеводород гази ва техник олтингугурт.
Цех 5 та блокдан иборат бўлиб таркибига қуйидагилар киради:
- 1-блок – нефть ва газ конденсати аралашмасини қайта ишлаш ва гидротозаланган нафтани фракцияларга ажратиш;
-2-блок – Каталитик риформинг ва катализаторни узлуксиз регенерация қилиш;
-3-блок –керосинни меркаптанлардан тозалаш ва газойлни гидротозалаш;
-4-блок – газларни фракцияларга ажратиш, Газларни аминли тозалаш, Нордон сувларни буғлатиш, газларни олтингугуртдан тозалаш;
-5-блок – ЭЛОУ-1, ЭЛОУ-2 қурилмалари ва нефть хом-ашёси, гидрогенизат, керосин, газойл маҳсулотларининг оралиқ парки.
Технологик жараённи бошқариш ва назорат функцияси махсус марказий бошқарув пулти хонасида амалга оширилади.
Бу ерда заводнинг малакали ходимлари томонидан заводнинг барча технологик жараёнлари бошқарилади ва назорат қилинади. Мониторлар корхонанинг турли ҳудудларидаги қурилмаларнинг ҳолати тўғрисида маълумотни кўрсатади ва кўплаб видеокамералар ва датчиклар ёрдамида қурилмаларнинг мониторинги сутка давомида олиб борилади.
Технологик майдон
Кахоров Aбдуқодир – машинист. 10Е26 рақамли иссиқлик алмашинуви қурилмасига кирадиган сув сарфини камайтириш бўйича ишларни бажармоқда.
Манометр(босим ўлчагич)ни алмаштириш ишини амалга оширмоқда. Ушбу манометр 10Е26 иссиқлик алмашинуви қурилмасининг кириш қисмидаги керосин босимини аниқлашга имкон беради.
Кувватов Достонбек – технологик қурилма кузатувчиси шогирди. 10C51 рақамли колонна(устун)даги нефть маҳсулоти сатҳини текширмоқда.
13К01-02А компрессорини профилактик таъмирлаш
Тешаев Бахтиёр - 3-блок технологик қурилма кузатувчиси. Технологик қурилмаларни кўздан кечирмоқда ва 13К01-02А компрессоридаги таъмирлаш ишларини назоратга олади.
Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида корхонада турли хил хавфсизлик чоралари фаол қўлланмоқда. Ҳар куни хоналарга хлорли эритма билан ишлов бериш амалга оширилмоқда, коронавирус инфекциясининг аломатлари ва унга қарши курашиш усуллари кўрсатилган маълумот варақалари ҳар бир цех, бўлим ва хизмат хоналарида ўрнатилган, жамоат жойларида қўллар ва буюмларга санитар ишлов бериш воситалари жойлаштирилган.
"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати