Бухоро НҚИЗ: Жамоа саломатлиги корхонанинг асосий қадриятидир
“Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида Бухоро НҚИЗда уч минг олти юз нафарга яқин ишчи-ходимлари даврий тиббий кўрикдан ўтказилади. Уларни кўрикдан ўтказиш корхонанинг Тиббиёт-санитария қисми шифокорлари ва Бухоро вилояти тиббиёт мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда.
Бухоро НҚИЗда қарийб уч минг олти юз нафарга яқин киши меҳнат қилади ва уларнинг ҳар бири муносиб ижтимоий таъминотга эга. “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг корпоратив соғлиқни сақлаш дастурлари соҳа ходимлари саломатлигини сақлашга қаратилган тадбирларнинг тўлиқ босқичларини ўз ичига олади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг 2012 йил 10 июндаги 200-сонли ва БНҚИЗ МCҲЖ раҳбарининг 2023 йил 30 январдаги 35-сонли буйруғига ҳамда Тиббиёт-санитария қисмининг 6-сонли ички фармойишига асосан 2023 йилнинг 13 февралидан 25 мартига қадар заводимиз ишчи-ходимлари ва “Нефтчи” шаҳарчасидаги уюшмаган аҳоли чуқурлаштирилган даврий тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Тиббий кўрикни сифатли ўтказиш учун Тиббиёт-санитария қисми мутахассисларидан ташқари шартнома асосида чақирилган малакали, кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансеридан руҳий-асаб касалликлари шифокори, Республика дерматовенерология илмий текшириш институти маркази Бухоро филиалидан шифокор дерматолог, вилоят физиатрия ва пулмонология марказидан шифокор рентгенолог ҳамда рентген лобарантлари хизмат кўрсатишмоқда.
Шу кунга қадар яъни 2023 йилнинг 13 февралидан 28 февралига қадар (15 кун давомида) 1784 нафар заводимиз ишчи-ходимлар чуқурлаштирилган даврий тиббий кўрикдан ўтказилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ташкил топгандан буён Тиббиёт-санитария қисми ходимлари корхона фаолиятида фаол иштирок этиб, йиллик тиббий кўрикларни ўз мутахассислари билан сифатли ўтказиб келмоқда, завод ишчи-ходимлари ҳамда шаҳарча аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан таъминламоқда, халқ саломатлиги йўлида беминнат хизмат қилиб келмоқда.