Буюк бобокалонларимиз Низомиддин Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур
Буюк бобокалонларимиз Низомиддин Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишлаб юртимиздаги барча муассасаларда маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, бадиий кечалар ўтказилмоқда.
Жумладан, Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводининг “Нефтчилар” маданият саройи фаоллар залида ҳам завод ишчи-ходимлари иштирокида Алишер Навоийнинг 580 йиллиги ҳамда Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишлаб “Навоий ва Бобур тафаккури, шеърияти ва башариятга хизмати!” номли адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Тадбир Маданият саройи ва Ёшлар иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирни ташкиллаштиришда фаоллар зали саҳнаси мавзуга мос безатилди, қаҳрамонларнинг либос ва гримлари мутафаккирлар яшаган даврни яратгандек бўлди гўё. Саҳна кўринишлари давомида Навоийнинг “Хамса”, Бобурнинг “Бобурнома”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, “Ҳумоюн ва Акбар”, Ойбекнинг “Навоий” асарлари парчалари асосида Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро, Мўмин Мирзо ва Гули билан, Бобурнинг эса Моҳимбегим, шунингдек, ҳинд аёли билан диалоглари жонлантирилди. Улар орқали Навоийнинг комил инсон, одил шоҳ, Бобурнинг адолатли жамият ва ватанпарварлик каби ғоялари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Образга кирган ҳамкасбларимиз нафақат ажойиб актёрлик, балки ғазалхонлик қобилиятларини ҳам кўрсата олдилар десак муболаға бўлмайди.
Кеча сўнгида бошловчилар томонидан мутафаккирларнинг ҳаёт ва ижод йўллари, улар ҳақидаги қизиқарли фактлар ўқиб эшиттирилди. Барча иштирокчилар эса Ёшлар Иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилоти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.