November 30, 2022

Ҳамкасбларимиз совриндорлар қаторида

Буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларнинг, шунингдек, жаҳон халқларининг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида
қабул қилинган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4881-сонли қарори ижросини таъминлаш учун кеча Бухоро шаҳридаги Семурғ мажмуасидаги Кураш марказида Давлат муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида “Ўзбек полвони” мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа шартларига кўра ҳар бир ташкилотдан биттадан жамоа(ҳар бир вазнда тўрт нафар курашчи)га қатнашиш имконияти берилди.

Мусобақаларни Бухоро вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси ва Кураш федерацияси томонидан тасдиқланган ҳакамлар бошқариб борди.
Мусобақаларда Бухоро НҚИЗ шарафини ҳимоя қилган ҳамкасбларимиз Акобир Бобокулов ва Зилиха Джураева совриндорлар қаторида бўлишди. Аёллар ўртасидаги баҳсларда Зилиха Джураева 57 кг вазнда иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, эркаклар ўртасида 90 кг вазнда қатнашган Акобир Бобокулов шоҳсупа тўрига кўтарилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳамкасбларимиз “Ўзбек полвони” мусобақаларининг республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати