March 30, 2022

"Қозоғистон нефть ва газ саноати касаба уюшмаси" ЖБ делегацияси Бухоро НҚИЗга ташриф буюрди

Турдош касаба уюшмалари билан алоқаларни ривожлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши таклифига биноан жорий йилнинг 29 март куни "Қозоғистон нефть ва газ саноати касаба уюшмаси" жамоат бирлашмаси делегациясининг Бухоро НҚИЗга ташрифи режалаштирилган эди.

Шунга мувофиқ, "Қозоғистон нефть ва газ саноати касаба уюшмаси" ЖБ раиси
Е.Е. Мустафина, "КазМунай бурғулаш" МЧЖ СБП касаба уюшма қўмитаси раиси К.М. Баймаганбетов ҳамда Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмасининг Республика кенгаши халқаро алоқалар бўлими мудири С.С. Эгамбердиевлардан ташкил топган ишчи гуруҳ Бухоро НҚИЗда бўлди.

Ташриф давомида Бухоро НҚИЗ КУК раиси Б.И.Каримов бошчилигида делегация ишчи-ходимлар саломатлигини муҳофаза қилиш учун кўрилган чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида завод ҳудудида жойлашган соғломлаштириш мажмуасида бўлиб, бинодаги фитобар, муолажа ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш хоналари ҳолатини кўздан кечиришди.

Шунингдек, асосий ишлаб чиқариш цехи, завод марказий таҳлилхонаси, тадқиқотлар таҳлилхонасининг янги биноси ҳамда хизмат кўрсатувчи ошхоналар, сут маҳсулоти тарқатиш маскани фаолияти, ходимларга яратилган шароитлар ўрганилди.

Завод ўқув биносига ҳам ташриф буюришди, ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш шароитлари, интерактив таълим усуллари билан яқиндан танишишди.

Ташриф сўнгида ишчи гуруҳ томонидан корхонада эришилган ютуқлар, яратилган шарт-шароитлар, қулайликларни янада кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати