“Аёлга эҳтиром” ҳафталиги доирасида 7 пир зиёратгоҳларига саёҳат ташкил этилди
Жорий йилнинг 9 март куни “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги доирасида заводимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшаётган, ўзларининг касбий маҳорати ва намунали ҳаёт йўли билан барчага ўрнак бўлаётган аёлларни шарафлаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бухоро НҚИЗ Касаба уюшма қўмитаси томонидан заводнинг 30 нафардан ортиқ ходимлари учун тарихий-маданий меросга эга қадимий ва афсонавий Бухоронинг 7 пир зиёратгоҳларига бир кунлик саёҳат ташкил этилди.
Бухорога йил давомига дунёнинг турли нуқталаридан минглаб сайёҳлар келади. Улар бу шариф заминда тарих билан юзлашадилар. Инсониятнинг асрлар оша яшаб келаётган эзгу тутумлари, маданияти ва қадриятларига гувоҳ бўлиб, уларнинг моҳиятида ётган умумбашарийлик, боқийлик сирларини англашга уринадилар. Ислом дини пешволари, алломалари, азиз-авлиёлари босган тупроқни, қўлларининг қайноқ тафти қолган масжиду минораларни, руҳлари кезиб юрган манзилларни зиёрат қилишга ошиқадилар...
Саёҳат иштирокчилари зиёрат давомида Ўзбекистонда ягона бўлган “Varnet” ботаника боғи бўйлаб саёҳат қилиб, дунёнинг турли бурчакларидан ажойиб табиат, шинам атмосфера ва турли хил ўсимликлардан баҳраманд бўлишди.
Мазкур сайёҳлик тадбири иштирокчиларга манзур бўлди, улар томонидан алоҳида эътироф этилди. Саёҳат ниҳоясида зиёратчилар Бухоро НҚИЗ Касаба уюшма қўмитасига, завод раҳбариятига мазмунли саёҳат учун миннатдорчилик билдирдилар.