April 28, 2022

Бухоро НҚИЗда Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган семинар-йиғилиш бўлиб ўтди

Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология соҳаси ходимлари касаба уюшмалари Республика Кенгаши ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бирлашган касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан 26 апрель куни Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш арафасида Бухоро НҚИЗда “Корхона ва ташкилотларда сайланган жамоатчилик вакилларининг фаолияти” мавзусида семинар-кенгаш бўлиб ўтди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ишчи гуруҳи бошчилигида тизим таркибига кирувчи: “Газли нефть ва газ қазиб олиш бошқармаси”, “Муборак нефть-газ қазиб олиш бошқармаси”, “Муборак газни қайта ишлаш заводи”, Тадбирда “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”, “Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси”, “Фарғона нефть-газ қазиб олиш бошқармаси”, “Шўртан газ-кимё мажмуаси”, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ, “Ўзнефтгазбурғулаш ишлари” МЧЖ каби корхоналарида фаолият юритувчи касаба уюшма қўмиталари мутахассислари ва вакиллари ушбу тадбирда иштирок этди.

Тадбирни “Ўзбекнефтгаз” аксиядорлик жамияти бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Баҳодир Муратов очиб берди. У ўз нутқида соҳа тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмалари Республика Кенгаши Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Собиржон Эгамбердиев хавфсизлик маданияти тўғрисида маъруза қилди. Унда корхоналарда хавфсизлик маданиятининг тамойиллари, афзалликлари ва асосий таркибий қисмлари ҳақида гапирди.

Ушбу тадбирнинг асосий меҳмони “Aктобемунайсервис” Бошқармаси (Қозоғистон Республикаси) бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Aлмат Туксубаев бўлди.

Aлмат Молдабаевич Aқтўбе, Ғарбий Қозоғистон, Қизилўрда ва Манғистау вилоятлари нефть корхоналари касаба уюшмасининг 36164 нафар аъзосини бирлаштирган “Қозоғистон нефть ва газ саноати касаба уюшмаси” ЖТ таркибига кирувчи “СНПC-Aктобемунайгаз” AЖ маҳаллий касаба уюшмаси фаолияти ҳақида қатнашчиларга сўзлаб берди.

У корхонанинг асосий вазифаси ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлаш, саломатлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ходимлар ва ҳамкорлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини қўллаб-қувватлаш эканлигини таъкидлади. Ушбу мақсадларга эришиш учун компания ўз фаолиятини Қозоғистон Республикаси қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда олиб боради.

Бухоро НҚИЗ бош муҳандиси Бахтиёр Мустафоев ўз нутқида “Ўзбекнефтгаз” АЖда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича махсус бошқарув тизими мавжудлиги, унда корхонада ишчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш учун қандай ҳаракат қилиниши, қайси усулларни қўллаш, қандай меҳнат шароитлари бўлиши кераклиги аниқ кўрсатилганлигини санаб ўтди.

“Махсус кийим, каска, қўлқоп, янги жиҳозлар, шахсий ҳимоя воситалари, ходимларни ўқитиш, барча хавфсизлик қоидалари ва талабларига риоя қилиш корхонада жарохатланишга олиб келувчи вазиятларни сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Меҳнатни муҳофаза қилиш – бу шунчаки сўзлар эмас, балки ишлаб чиқариш фаолиятини хавфсиз қилиш имконини берувчи заруратдир. Бухоро НҚИЗ ходими ҳар куни ишга киришишни хавф-хатарни олдини олишнинг асосий элементи ҳисобланган йўриқдан бошлайди.

Заводнинг 25 йиллик фаолияти давомида ўзига хос хавфсизлик принципи шаклланди. Масалан: ишни ўйлаб кўриш; эҳтимолий хавфли оқибатларни аниқлаш; ўзи ва ўзгаларни қандай ҳимоя қилишни ўйлаб кўриш; фавқулодда вазиятларда нима қилиш кераклигига қарор қилиш ва шундан кейингина ишни бошлаш ёки бошламаслик ҳақида қарор қабул қилиш.

Шу тариқа, биз ўз ишимизни ва атрофимиздагиларнинг меҳнатини хавфсизроқ қиламиз, яъни ўзимизни ва бошқаларни бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қиламиз”, — деди Бахтиёр Мустафоев.

Семинарда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги долзарб масалалар ва илғор тажрибалар кўриб чиқилди.

Семинарнинг ҳар бир иштирокчисига корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини ташкил этиш, мавжуд муаммоли масалалар юзасидан тақдимот қилиш имконияти берилди.

Унинг доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича энг яхши мутахассислар тақдирланди. Бу фахрий унвонга бошқалар қатори Бухоро НҚИЗ СХ, ММ ва ХТ хизмати бош мутахассиси Ойбек Ҳайитов ва электр таъминоти цехи бошлиғи ўринбосари Соҳиб Очилов ҳам лойиқ топилди.

Маърифий тадбирни ташкил этиш ва ўтказишда кўрсатган ёрдами учун Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ташаккурнома билан тақдирланди.

Тадбир иштирокчилари Бухоро НҚИЗда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида корхонанинг ишлаб чиқариш майдонларида бўлишди.

Бундай семинарларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш соҳасида янги тажриба орттириш, корхоналар ишининг янги услубларини ва доимий такомиллаштириш ва ривожлантириш жараёнларини ўзлаштиришга қаратилган.

Семинар давомида ишчи, айни пайтда илиқ, дўстона муҳит ҳукм сурди. Натижада тингловчилар ўқув машғулотлари натижалари ва семинарнинг ташкил этилишидан мамнун бўлишди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати