December 31, 2022

Бухоро НҚИЗ директори Акбар Фазиловнинг Янги йил табриги

Қадрли ҳамкасблар! Азиз дўстлар!

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва шахсан ўз номимдан сизларни кириб келаётган Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман!

Барчанинг севимли байрами – Янги йил яқинлашмоқда. Анъанага кўра, биз янги йилни кутиб олишдан олдин, унинг натижаларини сарҳисоб қилиб, ўтаётган йилни кузатамиз.

2022 йил Бухоро НҚИЗни жадал ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи бўлди. Заводимиз кенг кўламли лойиҳаларни тизимли равишда амалга ошириб, мамлакатимиз истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб, изчил олға бормоқда.

Биз тўлиқ амалга ошираётган улкан ишлаб чиқариш дастури ҳозирги ва келажак авлодлар манфаати йўлида энергетика тармоғининг барқарор ишлашига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Фаолиятимизнинг ҳар бир йўналишида биз истиқболга, келажакка эътибор қаратамиз. Бу йил Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ўз фаолиятини бошлаганининг 25 йиллигини нишонлади.

Ўтган йилда Суюлтирилган углеводород гази(СУГ)ни автоцистерналарга қуйиш қурилмаси ишга туширилди. Нафақат Бухоро вилояти, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларини ҳам нефть маҳсулотлари билан таъминлаш имконини берувчи нефть қуйиш эстакадаси фойдаланишга топширилди.

2022 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта Евро-6 синфидаги экологик тоза ва сифатли дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тарихида биринчи марта ISO 45001:2018 халқаро стандартидаги платина сертификати олинди.
Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кенгайтириш доирасида GTL синтетик нафтасининг биринчи партияси қабул қилинди, ундан автомобиль бензинининг машҳур маркаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Бухоро НҚИЗда технологик янгилаш, инновацион технологияларни жорий этиш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, маърифий йўналишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ҳудудларда қулай экологик вазиятни сақлаш борасида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Бухоро НҚИЗ “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари орасида экокўнгилли ҳисобланади. Бу заводимизнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга алоҳида муносабатининг яна бир ишончли далилидир.

Табиатга ғамхўрлик ҳар доим корхонамиз стратегиясининг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Атроф-муҳит билан бевосита боғлиқ ишимизнинг яна бир муҳим йўналиши – ДжетА-1 (SSF) газ турбинали двигателлар учун ярим синтетик авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Бухоро НҚИЗда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Корхонанинг барча инфратузилмаси синтетик ёқилғини қабул қилишга тайёрланиб, уни Джет А-1 (SSF) авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш учун тайёр маҳсулот даражасига етказиш бўйича тўлиқ дастур ишлаб чиқилди.

2022 йил сентябрь ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Uzbekistan GTL ва SGS мустақил лабораторияси вакиллари иштирокида синтетик керосин олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмаги ва жамоанинг яхши мувофиқлаштирилган меҳнати туфайли заводимиз ANAB аккредитациясига эга халқаро сертификат ва эсдалик “Сифат белгиси” соҳибига айланди.

Бугунги кунда “Бухоро НҚИЗ ” МЧЖ Ўзбекистон Республикасининг OASIS маълумлотлар базасига киритилган ягона корхонаси бўлиб Airbus, Honeywell, Lufthansa ва бошқалар каби авиация соҳасида дунёнинг энг йирик компаниялари, жаҳондаги маҳсулот ишлаб чиқарувчилари билан бир хил рўйхатга киритилди.

Бу ютуқ, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг минтақадаги логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон миқёсида тан олиниши, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, янги инвестициялар оқимини жалб қилиш, “Ўзбекнефтгаз” АЖ кредит рейтингини ошириш ва унинг барқарорлигини мустаҳкамлашга бевосита таъсир қилади.

Биз мамлакатимиз келажагини яратишдек энг муҳим ишни бажаряпмиз! Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилишни таклиф этиб, келгуси йил учун асосий 6 та ривожланиш йўналишини белгилаб берди.

Ана шундай йўналишлардан бири “Энергия самарадорлиги миллий дастури”нинг қабул қилинишидир.

Катта жамоамиздаги ҳар бирингизнинг юксак профессионал маҳоратингиз ва фидокорона меҳнатларингиз туфайли барча вазифалар муваффақиятли ҳал этилишига ишонаман.

Азиз дўстлар!

Шу байрам кунларида корхонанинг барча раҳбарлари ва ишчиларига миннатдорчилик сўзларини айтмоқчиман. Қийин,аммо самарали 2022 йилни муносиб кутиб олдик.

Энди эса янги 2023 йилга ўзимиз билан бирга ўтган йилдаги энг яхши анъана ва ютуқлар – ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, ўзимизга ишонч ва заводимиз келажагини олиб боришиз лозим.

Сиз ва оилангизга бахт, фаровонлик, сиҳат-саломатлик, энг яхши тилакларни билдираман!

Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик, қувонч ва яхши ўзгаришлар билан кирсин.

ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ БИЛАН!