Драматург Шароф Бошбековнинг “Афанди ўлмайдиган бўлди” комедиясига АННОТАЦИЯ
“Афанди ўлмайдиган бўлди” асари таниқли драматург Шароф Бошбеков қаламига мансуб бўлиб, замонларни бир-бирига боғлаши билан ҳам томошабинлар учун қизиқ туюлади. Бу асар машҳур академик шоир Ғафур Ғуломнинг “Афанди ўлмайдиган бўлди” ҳикоясига ўхшатма тарзида ёзилган.
Шарқ халқларининг ўлмас қаҳрамони Насриддин Афанди асарда мутлақо ўзгача бир қиёфада намоён бўлади. Барча инсонларда бўлгани каби боши оғриб қолган Афандининг ҳузурида Азроил пайдо бўлади. У яратган томонидан ўзининг жонини олишга келган Ўлим фариштасига ақл ўргатиб,уни чалғитишга ҳаракат бошлайди. Не ажабки,Азроил унинг гапига кириб, эртага келиб жонини олишини билдиради ва ўзи ғойиб бўлади. Барча ҳангомалар шундан кейин бошланади.
Афанди Азроилни ишлари кўплиги баҳонасида чалғитишни истайди. Шу сабаб турли ҳодисалар ўйлаб топади, инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг самимий бўлишини истайди, замона зайли туфайли жамиятда юзага келган камчиликларни енгил кулги билан енгиб ўтиш йўлида ҳаракат қилади. Афандининг хотини Адолат, Ўразбой, Ражаббой, Акбар каби дўстларининг иштирокида саҳнада кулгили воқеалар юзага келади. Бу кулгили воқеалар баҳонасида жамиятдаги иллатлардан қутулиш, порахўрликка чек қўйиш ва тўғри яшаш каби ғоялар улуғланади.