Аёллар – фаровонлик гарови: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида янги имкониятларга бағишланган семинар бўлиб ўтди
Бугун маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 16 декабрда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи хотин-қизлари учун семинар ташкил этилди. Аёллар бандлигини ошириш, уларнинг касбий тайёргарлиги ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш масалалари семинарнинг асосий мавзуси бўлди.
Семинар Бухоро НҚИЗ ҳамкорлигида Қоровулбозор тумани оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ташкил этилди ва унда қуйидаги жиҳатлар кўриб чиқилди:
- Хотин-қизларни муносиб ва барқарор иш билан таъминлаш;
- касбий тайёргарлик ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;
- кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорликни ривожлантириш.
Тадбир иштирокчилари ўз бизнес лойиҳаларини йўлга қўйиш учун давлат ва банк томонидан кўмак олиш имкониятлари, субсидия ва имтиёзли кредитлаш дастурлари билан танишдилар.
Тадбирда Қоровулбозор тумани ҳокими Ўткир Ҳамроев вилоятда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган долзарб ташаббуслар тўғрисида тўхталиб ўтди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича мутахассислар “Қандай қилиб бизнесда етакчи бўлиш ва муваффақиятга эришиш мумкин” мавзусида маҳорат дарси ўтказди. “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ вакили томонидан тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун махсус яратилган имкониятлар тақдим этилди.
Семинар давомида хотин-қизлар қуйидаги имкониятларга эга бўлишди:
- давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари билан танишиш.
- ўз бизнесини бошқариш воситаларини ўзлаштириш.
- мутахассисларга саволлар бериб, профессионал маслаҳатлар олиш.
Ўқув дастурларида иштирок этиш ва давлат томонидан кўрсатилаётган кўмак эвазига ўз ғояларини муваффақиятли бизнес лойиҳаларига айлантира олган аёлларнинг илҳомлантирувчи намуналарига эътибор қаратилди.
Семинарда давлат томонидан аёлларга кўрсатилаётган кенг кўламли ёрдамларга алоҳида эътибор қаратилди:
- Стартаплар ташкил этиш учун мақсадли грантлар жорий қилиниши.
- Маҳаллаларда касб-ҳунар ўргатиш марказларини ташкил этилиши.
- Ҳунарманд аёлларнинг маҳоратини ва даромадини янги босқичга кўтаришга ёрдам берадиган малака ошириш дастурлари.
Семинар хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим қадам бўлди. Иштирокчилар ушбу форматдаги тадбирлар нафақат янги билим олишга ёрдам беришини, балки уларни катта мақсадлар сари илҳомлантиришини ҳам таъкидладилар.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи давлат ҳокимияти органлари ва молиявий тузилмалар билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг касбий ўсиши ва ўзини намоён этиши учун шароит яратишни давом эттирмоқда. Бу эса туман ва умуман вилоят ривожланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Аёллар келажагимиздир ва уларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон учун энг муҳим устувор вазифа бўлиб қолади.