April 26, 2023
Заводда амалиёт ўташ талабаларнинг билимини мустаҳкамлайди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари учун ўқув машғулотлари ва ўқитувчилари учун малака ошириш дарслари бўлиб ўтди.
Заводнинг Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими томонидан талабалар ва ўқитувчиларнинг ишлаб чиқаришда амалий кўникмаларга эга бўлиши учун махсус ўқув дастури тайёрланди.
Заводдаги устозлар бўлажак мутахассисларни нефть, газ, қайта ишланган маҳсулотларни сақлаш, транспорт объектларидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш шароитлари, шунингдек, қурилмалар ва қувур ўтказгичлар тизими объектларини таъмирлаш билан таништирмоқда.
Мазкур амалиёт "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарувининг қарори ижросини таъминлаш, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, ўқув жараёни сифатини оширишга хизмат қилади. Бу олий ўқув юртлари талабаларининг амалий машғулот ўташи, ўқитувчиларининг эса малака ошириши учун тажриба-синов бўлди.