June 5, 2021

5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳит куни

Мазкур байрам 1972 йил 5 июнда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Стокгольмда ўтказилган конференциянинг резолюциясига асосан қабул қилинди. 1974 йилдан бошлаб эса энг долзарб экологик масалаларни ҳал этиш учун ҳукумат, бизнес-тузилма ҳамда фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ва бирлаштирган ҳолда кенг ташкил этиб келинади.

Экологик муҳитнинг ифлосланиши ҳозирги замоннинг глобал  муаммоларидан биридир. Уни ҳал этиш барча халқларнинг манфаатларига мос бўлиб, инсониятнинг келажаги кўп жиҳатдан ана шу муаммонинг ҳал қилинишига боғлиқдир.
       Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига атроф-муҳит, табиий бойликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида моддадар киритилган, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этилган, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.
        Бухоро НҚИЗда истеъмолчилар учун экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш билан бир қаторда, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  бўлими ташкил  этилган.  Шунингдек, ҳар бир ходимнинг мансаб йўриқномасида табиатни мухофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир этувчи манбааларни чегараловчи меъёрий-техник хужжатлар талабларига риоя қилиш зарурлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Бўлимнинг асосий вазифаси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги қонунлар талабларига риоя қилиниши ва атроф-муҳитни ифлослантирмасликни назорат қилиш, мамлакат ички ва ташқи бозорига сифатли нефть маҳсулотларини етказиб беришда атроф-муҳит муҳофазаси барқарорлигини таъминлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида чора – тадбирлар ишлаб чиқиш ва илғор илмий инновация лойиҳаларни жорий қилишда фаол қатнашишдир.

Фурсатдан фойдаланиб, завод маъмурияти номидан Абдурахмон Турдиевич Расулов –(бош эколог) бошчилигидаги ушбу вазифаларни сидқидилдан бажариб келаётган  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  бўлими иш-ходимларини касб байрамлари билан табриклаймиз. Уларга узоқ умр, тан сиҳатлиги, кўргил хотиржамлиги, қолаверса, ишларига ривож тилаймиз!

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати