September 22, 2021

Тантанали равишда мукофотлар топширилди

Аввал хабар қилганимиздек, Бухоро НҚИЗ терма жамоаси Соҳил футболи бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида биринчи марта иштирок этди ва кумуш медални қўлга киритди. Шу муносабат билан, "Нефтчи" спорт-соғломлаштириш мажмуасида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Бухоро вилояти прокурори М. Истамов, Қоровулбозор тумани ҳокими А. Остонов, Қоровулбозор тумани прокурори С. Қурбонов, Бухоро НҚИЗ директори А. Фазилов, масъул шахслар ва меҳмонлар қатнашишди.

Вилоят прокурори М. Истамов Бухоро НҚИЗ раҳбарияти, мураббийлар ва футболчиларни эришилган ютуқлар билан табриклаб, бундай катта ютуқда нафақат футбол жамоасининг, балки уларнинг устозларининг салмоқли хизматлари борлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда туман ҳокими А.Остонов футболчиларимизни самимий табриклаб, уларга омад ва улкан зафарлар тилади.

Тақдирлаш маросимида Бухоро НҚИЗ терма жамоасининг футбол мусобақасига тайёргарлик кўриш жараёнида мураббийлар Ф. Хайруллаев ва Д. Алтинбаевнинг салмоқли ҳисса қўшгани қайд этилди.

Футбол жамоаси ва унинг мураббийларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бундан ташқари, спортни ривожлантиришга катта эътибори ва кўрсатган ёрдами учун Бухоро НҚИЗ директорига Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти номидан эсдалик совғаси топширилди.

#фоторепортаж

"Ҳурматли дўстлар, заводимизнинг азиз ишчилари, мухлислар, барчангизни энг яхши жамоамиз ғалабаси билан табриклайман. Айтмоқчиманки, ўйин жуда ишончли ўтди, ғалаба чиройли бўлди. Бухоро НҚИЗ бугун нималарга қодирлигини кўрсатган қизиқарли ўйин учун барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдираман. Биз барчамиз – бир жамоамиз! Ўйинчиларимизга айнан бугун танлаган йўналишга содиқ қолишни тилайман! Жамоавий кайфиятингиз сўнмасин ва келажак учун олдингизга қўйган вазифаларингиз ҳар доим муваффақиятли бажарилсин, - деб таъкидлади Бухоро НҚИЗ директори Акбар Фазилов.

Айтиш жоизки, ҳар йили Бухоро НҚИЗ "Ёшлар иттифоқи" бошланғич ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилиб келинаётган спорт тадбирлари ёшларни маънан тарбиялаш, қатнашчиларда жамоа руҳиятини шакллантириш ва ривожлантиришга ҳамда уларда соғлом турмуш тарзига муҳаббат уйғотишга қаратилади.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати