28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни
2022 йил давомида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимлари томонидан назорат остидаги корхона ва ташкилотларда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги бўйича 3 мингдан зиёд давлат назорати, 8 минг 400 дан ортиқ назорат-профилактика тадбирлари ўтказилди.
Натижада саноат, радиация хавфсизлиги талаблари ва ерости бойликларидан фойдаланиш соҳасида 53 мингдан ортиқ қоидабузилиш ҳолати аниқланди.
32 та корхонада ишлар вақтинча тўхтатиб қўйилди.
3 мингга яқин муҳандис-техник ва раҳбар ходимга нисбатан 2 млрд. 193 млн. сўм жарима миқдорида маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Назорат остидаги корхона ва ташкилотларда ўтган 2022 йил давомида умумий 81 та бахтсиз ҳодисага йўл қўйилиб, булардан 28 та ҳодиса оқибати ўлим билан тугаган, 5 таси гуруҳий ва 48 ҳолатда инсонлар турли даражада тан жароҳатлари олган.
Рўй берган бахтсиз ҳодисалар таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг асосий келиб чиқиш сабаблари 60 фоиздан ортиқ ҳолатда ташкилий сабаблардир, яъни ишлаб чиқаришда ишларнинг тўғри ташкил этилмаганлиги ва саноат хавфсизлиги соҳасида ходимлар малакасининг етишмаслиги, техник ва технологик жараёнларда ишлаб чиқариш интизомининг пастлиги, ҳамда эҳтиётсизлик ёки таваккалчиликка йўл қўйишлар;
30 фоиз ҳолатда техник сабаблар - яъни техник жиҳозлар ва қурилмаларнинг носозлиги, уларнинг конструктив янгиланмаслиги, меъёрий ҳужжат ва лойиҳа талабларига риоя этилмаётганлиги, техник қурилмаларга хизмат кўрсатишда камчиликларга йўл қўйилишидир.
2023 йилнинг ҳозирги вақтига қадар Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан назорат остидаги корхона ва ташкилотларда 70 та давлат назорати, 195 та назорат-профилактика тадбири ўтказилди.
Натижада саноат, радиация хавфсизлиги талаблари ва ерости бойликларидан фойдаланиш соҳасида 531 қоидабузилиш ҳолати аниқланди.
1 та корхонада ишлар вақтинча тўхтатиб қўйилди.
28 нафар муҳандис-техник ва раҳбар ходим жаримага тортилди.
Ушбу даврда назорат остидаги корхона ва ташкилотларда умумий 21 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди.
Ҳар бир содир бўлаётган оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса Ҳайъат мажлисларида кўриб чиқилиб, тегишли интизомий ва маъмурий чоралар кўрилмоқда.