Ёнғин ўчириш дружиначилари учун музейга экскурсия уюштирилди
Мамлакатимизда куз-қиш иситиш мавсумида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар йили ноябрь-декабрь ойларида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилиб келинади.
Ойликни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад инсонлар ҳаётини муҳофаза қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, аҳоли турар жойларида кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштиришдан иборат эканлиги диққатга сазовордир.
Тарғибот тадбирларини йил давомида ўтказиш эса аҳоли ўртасида ёнғин хавсизлиги бўйича кўникмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига кирувчи Бухоро НҚИЗнинг ҳар бир цехида кўнгилли ёнғин ўчириш дружиналари ташкил этилган бўлиб, уларнинг асосий вазифалари: цехдаги ва иш ўрнидаги ёнғинга қарши тартиб-қоидаларни билиш, унга риоя этиши, ёнғин чиққан ҳолларда уни ўчиришда фаол қатнашиш, ёнғинга қарши камчиликларни бартараф этиш учун чора-тадбирлар кўришдир.
Ҳозирда Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда дружина аъзоларини Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлиги хизмати фаолиятидаги илғор тажрибаларни тарғиб этиш марказига экскурсияларга юбориш амалиёти жорий этилди.
Бугун Асосий ишлаб чиқариш цехининг ёнғин ўчириш дружиначилари учун Бухоро шаҳрида жойлашган ушбу марказ музейига экскурсия уюштирилди.
Масъул ходимлар томонидан марказ тарихи, фахрий аъзолари, экспонатлар ҳақида маълумот берилди.
Бухоро вилоятида ёнғин қутқарув хизматининг бир аср олдинги ҳолати, ўт ўчирувчиларининг жиҳозларидан сўзловчи расмлар, шунингдек, ёнғинларга сабаб бўлувчи омиллар кўрсатилган макетлар ишчи-ходимларнинг асосий эътиборида бўлди.