Бухоро НҚИЗ ўз маҳсулотлари қаторини юқори октанли АИ-98 автомобиль бензини билан тўлдирди
Бухоро НҚИЗ юқори октанли АИ-98 автомобиль бензинини саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Бухоро НҚИЗ мутахассислари томонидан 2021 йил давомида "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқарув раиси топшириғига биноан автомобиль бензини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қуйиш бўйича тадқиқотлар ўтказилди, натижада АИ-98 юқори сифатли тижорат бензинини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
АИ-98 маркали автомобиль бензини, асосан, сиқиш даражаси 12 дан 14 гача бўлган двигателли автомобилларда ишлатилади.
АИ-98 бензини юқори детонацияга қарши хусусият(октан характеристика)лари туфайли двигател қувватини оширади ва тезланиш динамикасини яхшилайди, тебраниш ва шовқин даражасини пасайтиради ва ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтиради.
380 тонна ҳажмдаги АИ-98 автомобиль бензини партияси ишлаб чиқарилди ва унинг физик-кимёвий хусусиятлари синовдан ўтказилди.
АИ-98 автомобиль бензинини серияли ишлаб чиқариш учун O`zDSt 3031:2015 "Автомобиль бензинлари. Техник шартлар" мувофиқлик сертификати олинди.
Маълумот учун: Бугунги кунда Бухоро НҚИЗда 20 дан ортиқ марка(русум)даги, 9 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариладиган автомобиль бензинлари қаторида АИ-80, АИ-91, АИ-92, АИ-95, QуWатт АИ-95 бренди ва янги АИ-98 автомобиль бензини ўрин олган.