April 22, 2022

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тарихида биринчи марта ISO 45001:2018 халқаро стандарти бўйича платинали сертификат қўлга киритилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро майдонда тобора кенг эътироф этилмоқда.

“Янги Ўзбекистон” ўзгаришининг замонавий босқичи барқарор иқтисодий ўсиш, сиёсий барқарорлик ва республикамиз аҳолисининг турмуш даражасини ошириш шароитида амалга оширилмоқда.

Бугун биз маҳаллий саноатни ривожлантириш учун янги имкониятлар очадиган улкан воқеа ва ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан нефть-газ саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда, импорт ўрнини босиш ва маҳаллийлаштириш вазифалари ҳал этилмоқда, илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликдаги ишлар олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тарихида биринчи марта ISO 45001:2018 халқаро стандарти бўйича платинали сертификати қўлга киритилди.

2022 йил 21 апрель куни «Management Certification» МЧЖ директори “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ раҳбарига корхонанинг соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизими ISO 45001:2018 халқаро стандартига мувофиқлиги тўғрисидаги платина сертификатини топширди.

Йиғилишда сертификат тақдимоти тантанали руҳда ўтди.

Маълумот учун: «Ўзбекнефтгаз» АЖ кўмагида 2022 йилнинг март ойида Бухоро НҚИЗда “Management Certification” сертификатлаштириш органининг Ўзбекистондаги аудиторлари, Италия аудиторлари ва Грециянинг аккредитация бўйича органи мутахассисларининг онлайн тартибдаги иштирокида ISО 45001:2018 халқаро стандарти(соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш стандарти) бўйича қайта сертификатлаш ташқи аудити ўтказилди.

Аудит давомида Бухоро НҚИЗ ходимлари бошқарув тамойиллари талаблари бўйича юқори малакасини намойиш этди. Европа органлари томонидан Бухоро НҚИЗга ишни юқори савияда ташкил этгани, хавфсиз меҳнат шароитларини яратгани, тизимни мунтазам такомиллаштиргани учун “Платина” сертификатини беришга қарор қилди.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида бошқарув тизимларини ривожлантириш бўйича доимий ишлар олиб борилмоқда ва бу ютуқ Бухоро НҚИЗ жамоаси машаққатли меҳнатининг ёрқин самарасидир.

Шундай қилиб, эришилган натижа сармоядорларни жалб қилиш истиқболларини яратади, шунингдек, республикамиз ва нефть-газ саноатининг жаҳондаги мавқеини юксалтиради.

Бугун эса ишонч билан айта оламизки, мамлакатимиз саноатини давлат кўмагида ривожлантириш учун яратилаётган кенг имкониятлар янги марраларни забт этиш борасидаги истиқболли ишларга катта туртки бермоқда.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати