March 23, 2021

"Ўзбекнефтгаз" АЖ: “Ўзкимёсаноат”АЖ билан кооперацион алоқани кенгайтириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019.03.04даги ПҚ-4265-сонли “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020.09.01даги ПҚ-4563-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2020—2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат”АЖ мутахассислари томонидан “Навоийазот”АЖ негизида аммоний роданити ва аммоний полисульфиди асосида йилига 10 минг тонна тиомочевина ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

2021 йил 16-17 март кунлари Бухоро НҚИЗда “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Навоиазот”АЖ мутахассислари иштирокида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида ишлаб чиқаридиган маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ қурилмаларидан ажралиб чиқадиган водород сульфиди (H2S) ва “Навоийазот”АЖда ишлаб чиқариладиган аммоний гидроксиди (NH4OH)дан фойдаланиб Бухоро НҚИЗ базасида аммоний полисулфид ишлаб чиқариш таклифи берилди.

Қурилмалардан ажралиб чиқадиган H2S миқдори ва сифати, қурилмалар иш принципи билан таништириш учун БНҚИЗ мутахассислари “Ўзкимёсаноат”АЖ мутахассиларига асосий ишлаб чиқариш цехининг 32 ва 33-қурилмаларининг технологик регламентлари ва параметрлари ҳақида маълумот беришди.

Бухоро НКИЗ ва “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари ўртасида ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини кенгайтириш.

Бухоро НҚИЗнинг кимёвий реагентларга бўлган эҳтиёжи ва уларнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқаришни ўзлаштирилиши муҳокама қилинди.

Бухоро НҚИЗнинг импорт маҳсулотларни намойиш этиш ШОУРУМида кимёвий реагентлар намуналари тақдим қилинди. Кимёвий реагентларнинг сифати, хоссалари, маркаси, қўйилган талаблар ва қўлланилиш соҳаси тўғрисидаги маълумотлар Бухоро НҚИЗ томонидан тақдим қилиниши келишиб олинди.

“Ўзкимёсаноат”АЖ томонидан тақдим этилган импорт ўрнини босувчи кимёвий реагентлар намуналаридан фойдаланиб лаборатория ва саноат синовларини биргаликда ўтказилиши келишилди. Бунда алюминий сульфат, тринатрийфосфат, перхлорэтилен, темир сульфати каби реагентлар бўйича кооперацион алоқаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Бухоро НҚИЗ ва “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамкорлигида кооперацион алоқаларни кенгайтириш мақсадида иккала томондан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, тармоқ корхоналарида кичик ҳажмдаги кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик ишларини амалга ошириш келишилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати